Спорт | 20:20 / 14.02.2019
4951
2 дақиқада ўқилади

«Chimgan Challenge» фестивалига старт берилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда қишки спорт ўйинларини ривожлантириш, тоғ-чанғиси, ҳоккей, фигурали учиш каби спорт турларини оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Чунончи, пойтахтимизда «Ҳумо» аренаси ҳам айни шу мақсадларда барпо этилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманининг Чимён тоғ-чанғи зонасида илк бор «Chimgan Challenge» қишки спорт ўйинлари бўйича ёшлар фестивалига старт берди.  

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда қишки спорт ўйинларини янада ривожлантириш, мусобақа кўламини кенгайтириш, келажакда мусобақани халқаро турнир даражасига олиб чиқиш, бу орқали  кўплаб истеъдод эгаларини кашф этиш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Таъкидлаш керакки, ёшлар орасида спортнинг қишки турларини оммалаштириш, навқирон авлод вакилларида салбий иллатларга қарши соғлом иммунитетни шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур фестивалда 18дан 30 ёшгача бўлган ҳаваскор спортчи ёшлар тоғ-чанғиси, snowboarding ҳамда волейбол спорт турлари бўйича беллашди.

Мусобақаларда Тошкент вилоятининг ҳар бир туман ҳамда шаҳарларидан 3 ёш тоифасида 500 нафарга яқин ёшлар иштирок этмоқда.

Мавзуга оид