Жамият | 18:29 / 14.02.2019
17304
2 дақиқада ўқилади

Ҳамдардлик: Оққон дардидан шифо топиши учун хайрия акцияси ташкил қилинган Қувончбек вафот этди

Йил бошида Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳри Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонларнинг зарур даво муолажаларини олишлари учун хайрия акцияси бошлаган эди. Оққон билан оғриган ўша беморларнинг орасида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан келган 2 ёшли Қувончбек Қурбонбоев ҳам бор эди. Қувончбек Ота-онасининг битта-ю битта фарзанди, 25 йил кутган ёлғиз жигарбанди эди.

Хайрия акцияси давомида оғир дард билан курашаётган жажжи беморнинг тузалиб кетиши учун жуда кўп эзгу ниятли инсонлар яқиндан ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Кимдир маълум маблағ, кимдир шифохонага келиб ва яна кимдир телефон қўнғироқлари орқали бемор ва унинг яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳан қўллаб-қувватлаб турди.

Афсуски, Қувончбекнинг умри қисқа экан. Тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам ёрдам бермади. Мурғак болакай бугун 14 февраль куни ҳаётдан кўз юмди. Аллоҳнинг иродаси экан.

Унинг қариндоши алоқага чиқиб, машъум хабарни етказди.

«Бола оғир дардга чидаш бера олмади. Шифокорлар уйга жавоб беришганди. Йўлда Қувончбекни бериб қўйдик. Ота-онаси ўғлининг шифо топишини сўраб, ёрдамини, руҳий далдасини аямаган эзгу ниятли, саховатпеша инсонларга ўз раҳматини етказиб қўйишимни тайинлашди. Барча қўллаб қувватлаганларга каттакон раҳмат», дейди Қувончбекнинг яқин қариндошларидан бири.

Мурғак болажоннинг шифо топиб кетиши учун ўтказган хайрия акциямизда қатнашган инсонларга таҳририятимиз номидан чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Барчамизни чин инсонийлик сифатлари тарк этмасин.

Kun.uz сайти марҳум Қувончбекнинг оила аъзоларига барчанинг номидан ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид