Иқтисодиёт | 09:16 / 15.02.2019
19897
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган талаб ўсди. МБ бунга қандай омиллар сабаб бўлганини маълум қилди

Фото: Abed Rahim Khatib\Zuma\TASS

2018 йилнинг IV чораги давомида алмашув курси динамикасига тўлов балансининг ҳолати, пул-кредит шароитлари, фоиз ставкалари ўртасидаги фарқ, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар ва бошқа ички омиллар таъсир кўрсатди, деб хабар бермоқда Марказий банк.

2018 йилда ички бозорда интервенцияларнинг умумий ҳажми 3,8 млрд. долларни (ундан 3,2 млрд. доллар – Марказий банк маблағларидан) ташкил этиб, хорижий валютага бўлган умумий талабнинг 37 фоизини қоплашга хизмат қилди.

2018 йил IV чоракда интервенцияларнинг умумий ҳажми 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 769 млн. долларга ўсди. Хорижий валюталарга бўлган умумий йиллик талаб 10,4 млрд. долларни ташкил қилди, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўпроқдир.

Хорижий валютага бўлган талабнинг ўсишига қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

биринчидан, иқтисодиётни кредитлаш ва давлат харажатларининг юқори суратларда ўсиши шароитида асбоб-ускуна, технология ва технологик линиялар кўринишида асосий капиталга инвестициялар ҳажми сезиларли ўсди; 

иккинчидан, иқтисодиётда қурилиш ишлари ҳажмининг кенгайиши тайёр қурилиш материаллари ва уларни ишлаб чиқариш учун хом-ашё ички таклифининг чекланганлиги шароитида ушбу товарлар импортининг ошишига сабаб бўлди (асосан, металлургия соҳаси учун); 

учинчидан, истеъмол талаби ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида ишлаб чиқаришнинг ошиши хом-ашё импортининг ошишига олиб келди; 

тўртинчидан, маҳаллий автомобиллар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларининг ўсиши билан автомобил саноати учун хом-ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва ишлаб чиқариш линиялари импорти ошди.

Интервенциялардан ташқари, хорижий валютага бўлган талаб тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар (1,8 млрд. долл.), экспортдан тушум (14,3 млрд. долл.) ва халқаро пул ўтказмалари (5,1 млрд. долл.) ҳисобидан қондирилди. Ўз навбатида, ташқи валюта оқимлари ҳажмининг етарлилиги алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олишга ёрдам берди.

Импорт ҳажмининг 39,6 фоизга (19,6 млрд. доллар) ошиши муайян даражада давлат харажатлари ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг ўсиши билан изоҳланади. Бунинг натижасида, ташқи савдо баланси дефицити 2017 йил билан солиштирганда 3,8 млрд. долларга кўпайди ва 5,3 млрд. долларни ташкил этди. Хорижий валютага бўлган юқори талаб, ўз навбатида, миллий валюта алмашув курсига девальвацион босимни кучайтирди.

Мавзуга оид