Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун ўтказиладиган тест синовлари тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланиши мумкин:
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб:
амалдаги тартибни ўзгартирган ҳолда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш;
энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиши учун имконият яратиш;
абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларини танлашда имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослигини эътиборга олиш;
тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ҳамда заруриятга мувофиқ қўшимча биноларда ўтказилишини давом эттириш;
2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:
тест фанлари мажмуасини икки бўлимга ажратиб, 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш;
ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсадида ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш.
Белгилаб қўйилишича:
мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади;
абитуриентларнинг тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади;















