8 август куни АОКАда Билимларни баҳолаш агентлиги оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Унда нега абитуриентларга тест тузиладиган адабиётлар рўйхати тўлиқ эълон қилинмаслиги муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди.
Агентлик бошқарма бошлиғи Зафарбек Олимов тест тузиладиган адабиётлар рўйхатини эълон қилиш агентликнинг функционал вазифасига кирмаслигини айтди. Унинг фикрича, буни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги амалга ошириши керак.
“Биз адабиётлар рўйхатини эълон қиляпмиз. Бу сансалорлик эмас. Аслини олганда биз абитуриентлар учун ҳаракат қиляпмиз. Гарчи бу бизнинг вазифамиз бўлмаса-да, абитуриентларга енгиллик бўлиши учун буни эълон қиляпмиз”, – деди у.
Олимовнинг изоҳига аниқлик киритиш учун Kun.uz мухбири Билимларни баҳолаш агентлиги тест тузувчи ва олувчи ташкилот бўла туриб, нега қайси китоблардан тест тузишини айтмоқчи эмаслигини сўради.
Олимов ўз гапи мухбир томонидан хато талқин қилинаётганини таъкидлаб, фикрини қуйидагича тушунтирди.
“Ҳозир биз дастурни асос қилиб кўрсатяпмиз, чегара бор. Айтайлик, сиз ўқув дастурини олиб қарасангиз, шу дастурда мавзулар белгиланган. Шу мавзуларни ўқувчи мактаб дарслигидан ўқийдими ёки академик лицейлар талабалари учун тайёрланган дарсликдан ўқийдими фарқи йўқ. Лекин мактаб таълимини олган бола учун олий таълим саволлари шакллантирилмайди ҳеч қачон.
Кейин яна бир нарсани инобатга олишингиз керак, битта нарсани гапираётганда бир детални узиб олиб туриб, унга баҳо бериш керак эмас. Ўша жараённи яхлит таҳлил қилинглар. Чунки саволлар бутун йил давомида шакллантирилади. Биз январ, март, апрел ва май ойининг биринчи ўн беш кунлигида апробация ўтказамиз. Ва шу жойда илмий таҳлил олиб борилади. Илмий таҳлилга кўра тест топшириғи талабига мос келмаган тестлар базадан чиқариб юборилади. Бу эса ўз-ўзидан ҳеч кимга кўрсатмасдан, айтмасдан танлаб олиняпти дегани эмас”, – деди Олимов.
Мухбир Олимов айтаётган чегара қаерда тугаши, ўқув дастурига кўп маълумот киритилгани, абитуриент унинг ҳаммасини ёдлаб қололмаслиги, нега шу пайтгача бу аниқ қилиб белгилаб қўйилмагани ҳақида сўради.
Масъул бу чегара ўқув дастурида белгилангани, ўқув дастурида боблар, бўлимлар мавжудлигини айтди. “











