Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Осиё қадриятларини қайта кашф этиб” (Rediscovery of Asian values) номли биринчи Ўзбекистон – Корея Халқаро илмий Медиа Конференцияси-2019 ўз ишини бошлади. Унда Жанубий Корея университетларидан ташриф буюрган профессор-мутахассислар ҳамда ўзбекистонлик профессорлар, докторантлар ўз маърузалари, тақдимотлари билан иштирок этишди ва соҳадаги мавжуд камчиликларни муҳокама қилишди.

Конференция доирасида босма ОАВ ва уларнинг трансформация жараёнида дуч келаётган ўзгаришлари, телерадиожурналистиканинг Осиё мамлакатларини бирлаштиришдаги ўрни, ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасининг ривожи, интернет журналистикаси ҳамда замонавий масс-медиада кутилаётган ўзгаришлар мавзулари кўриб чиқилди.
Университет ректори Шерзод Қудратхўжаев Кun.uz мухбирига берган интервьюсида мазкур семинарнинг аҳамияти ва келгусидаги режалар хусусида айтиб ўтди:

“Бизга маълумки, Кореянинг иқтисоди дунёдаги энг илғорлардан бири ҳисобланади. Уни “мўъжизалар мамлакати” деб ҳам аташади. Лекин бу мўъжизаларга етишиш учун инсонлар анча тер тўкишган, заҳмат чекилган. Шу маънода Кореянинг тажрибаси биз учун жуда муҳим. Сабаби, шу халқ бир ғоя, бир мақсад йўлида бирлашиб, иккинчи жаҳон урушидан кейин, атрофида қўзғолон бўлган бир пайтда, Япониянинг зўравонликларига қарамай, 30-40 йилда жуда катта муваффақиятга эришди. Албатта, бунда журналистика катта ўрин тутган. Одамларни уйғотиш, янги ғоя билан озиқлантириш, тадбиркор бўлишга, Ватанни севиб, унинг ривожланиши учун ўз ҳиссасини қўшишда журналистиканинг ўрни катта бўлган. Бугунги кунга келиб Жанубий Корея иқтисодий, инсон капитали, ҳарбий нуқтаи назардан дунёнинг энг катта ривожланган мамлакатлар сирасига киради. Бугун биз Кореянинг тажрибасидан фойдаланган ҳолда ўзбек журналистикасида ҳам ана шу сифатларни шакллантиришимиз керак”.
Ректор шунингдек, Корея журналистикаси Ахборот технологияларидан фойдаланишда ҳам анча илғор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Кореянинг яна бир ўзига хос жиҳати - АТ соҳасида ривожлангани, ижтимоий тармоқларда ишлаши, коммуникация соҳасида тўплаган бой тажрибаси биз учун жуда ҳам керак. Биз ҳали ҳам қайсидир маънода тош асрида қолиб кетганмиз. Айниқса, туман газеталарининг адади камлиги, мажбурий обуналар камайтирилганлиги сабабли газеталар инқирозга учради. Биз ҳали ҳам шу инқироз учун койиб ўтирибмиз. Йўқ, биз бугун интернет ривожлантириш орқали бу муаммоларни ҳал этишимиз лозим. Босма газеталарда ҳам долзарб масалаларни кўтариш, таҳлил билан ёндашадиган бўлсак, уларнинг ҳам адади ошади. Чунки газета доимо керак. Уни ўқийдиган аудитория мавжуд. Кимдир планшет билан ўқиса, яна кимдир бир пиёла қаҳва билан газетани варақлашни хуш кўради.















