Ўзбекистон | 19:28 / 17.02.2019
31986
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимияти «Полкушка» юзасидан изоҳ берди

Миробод тумани «Лолазор» маҳалласи (халқ тилида «Полкушка»)даги уйларнинг бузилиши ўйлаб амалга оширилган, чунки улар аварияли ҳолатга келиб қолган, деб ҳисоблайди Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникация бўйича ўринбосари Даврон Ҳидоятов. У бу ҳақда 16 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўз фикрини билдирди.

Ҳидоятовга кўра, пойтахтдаги бир ва икки қаватли уйлар 1850тани, уч қаватли уйлар эса 3000дан ортиқни ташкил этади. Уларнинг меъморий қурилиши ҳозирги кун талабига жавоб бермайди, чидамлилиги йилдан йилга камайиб бормоқда. Улар 4-5 балли зилзилага ҳам дош бера олмаслиги мумкин.

«Икки қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатиш ҳам муаммоли масала. Ҳозирги ҳолатида уларнинг квадрат метри учун 800 сўмдан коммунал тўлов тўғри келади, агар томни алмаштирадиган бўлсак, нарх ўз-ўзидан 8 мингга кўтарилади. Бу самарасиз. Ундан кўра янги турар-жой қуриш мақсадга мувофиқ, устига-устак гап нафақат уй ҳақида, балки яқин-атрофнинг ҳам ободонлашиши ҳақида кетмоқда», — дейди ҳоким ўринбосари.

Мазкур маҳалла қарашли бўлган Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов бузилаётган уйлар ҳеч қандай тарихий аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлади.

«Бузилиш фақатгина бешта 2 қаватли уйлар ҳақида кетмоқда. Улар 19 аср охирида қурилган. У ерда ноқонуний қурилишлар ҳам амалга оширилган ─ илгари ҳожатхона ташқарида эди, одамларнинг ўзи уйнинг ичида қуриб олишган. Агар бу ноқонуний қўшимчаларни бузадиган бўлсак, кейин аҳоли сарсон бўлмайдими? Устига-устак, улар 1966 йилги зилзиладан кейин таъмирланган. Шундан бери анча вақт ўтди. Улар зилзилага дош бера олишига ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун «Полкушка»да олиб борилаётган ишлар ўринли деб ҳисоблайман», — деди туман ҳокими. 

Шунингдек, Пўлатов тарихий аҳамиятга эга уйларни кўчириш масаласида инвесторларга аҳоли билан гаплашиш, уларнинг фикрини эшитиш таклиф қилинганини, одамлар рози бўлмаса, ҳеч қандай бузиш ишлари амалга оширилмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати Миробод тумани «Лолазор» маҳалласида жойлашган 3-қаватли уй-жойларнинг бузилмаслигини тасдиқлаганди

Ҳидоятовнинг билдиришича, бузилиши белгиланган ҳудудлар эгалари билан келишувга эришилгандан сўнг, етказилган зарарни улар талаб этилган мулк шаклида тақдим этилгандан сўнг, янги қурилишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид