Ўзбекистон | 14:19 / 19.02.2019
7660
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов: Марказий Осиёдаги яқинлашув жараёни ҳеч кимнинг манфаатларига қарши қаратилмаган

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Тошкентда «Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов унда нутқ сўзлади.

Комиловнинг айтишича, Марказий Осиё ноёб геостратегик жойлашувга эга бўлиб, минг йиллар давомида Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни бир-бирига боғловчи кўприк бўлган.

«Бизнинг минтақамиз улкан энергетик ва минерал ресурслар, маданий-цивилизацион, энг муҳими, катта инсон салоҳиятига эга. Шу билан бирга, етакчи глобал кучларнинг манфаатлари Марказий Осиёда кесишади. Минтақа халқаро терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидларининг таъсирига учрайди, у йирик беқарорлик марказларига яқин жойлашган. Ўнлаб йиллар давомида Афғонистон можароси - давримизнинг энг мураккаб муаммоларидан бири ечимсиз қолмоқда.

Шу муносабат билан биз долзарб масалаларга дуч келмоқдамиз: минтақамиз қай даражада барқарор бўлади? Минтақавий ҳамкорлик қандай ривожланади? Қандай умумий чақириқлар бизни кутмоқда? Ушбу саволларга жавоблар Марказий Осиё давлатларининг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида кейинги ҳамкорлик учун асосий минтақавий муаммолар ҳамда устуворликларни аниқ белгилашга керак.

Сўнгги пайтларда Марказий Осиё ривожланишнинг ижобий динамикасини намоён этмоқда. Минтақавий ҳамкорлик барча соҳаларда кенгаймоқда. Мунтазам равишда ички минтақавий энг долзарб муаммолар - хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланиш масалалари ҳал қилинмоқда.

Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш - объектив, барқарор ва қайтарилмас тенденция. У минтақадаги барча мамлакатларнинг қатъий сиёсий иродасига асосланган ва чуқур тарихий асосга эга. Бугун Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва барчамиз учун долзарб муаммоларни ҳал қилиш ташаббуси билан чиқяпти. 

Мен Марказий Осиёдаги яқинлашув жараёни ҳеч кимнинг манфаатларига қарши қаратилмаганини таъкидламоқчиман. Аксинча, минтақавий ҳамкорликка сармоя киритиш Марказий Осиёнинг барқарор ва фаровон минтақа сифатида шаклланишига ёрдам беради, демак у ишончли халқаро ҳамкор бўлади», - деди Абдулазиз Комилов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ТИВ Тошкентда режалаштирилаётган халқаро конференция қандай шаклда бўлишини маълум қилганди.

Мавзуга оид