Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиёда еттита вазифага ечим топиш муҳимлигини айтди
Тошкентда «Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов унда нутқ сўзлади.
Унинг айтишича, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича мувофиқлаштирилган позиция ишлаб чиқиш зарур.
«Минтақамизнинг ўзига хос хусусиятига хавфсизлик, савдо, транспорт, сувдан фойдаланиш, таълим ва бошқа долзарб масалалар бўйича кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари самарали ишлаши айланиши керак.
Шу мақсадда қуйидаги вазифаларни бажариш муҳимдир.
Биринчидан, Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда мувофиқлаштириш. Давлат раҳбарлари саммитларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби, ташқи ишлар вазирлари ҳамда экспертлар йиғилишлари бўйича аниқ жараён белгиланиши керак.
Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш.
Биз мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо режимининг тўлиқ ишлашини таъминлаш, шунингдек, божхона жараёнларини соддалаштириш, «яшил» йўлаклар ва чегараларимизни кесиб ўтишни енгиллаштирадиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш муҳим, деб биламиз.
Учинчидан, денгиз портлари ва янги ташқи бозорларга қисқа муддатда киришни таъминловчи минтақалараро ўзаро боғланган транспорт-логистика тизимини шакллантириш зарур.
Тўртинчидан, туризм Марказий Осиё давлатларида иқтисодий ривожланишга янги туртки бўлиб бормоқда.
Дунёда минтақани қабул қилиш даражаси яхшилангани сари, мамлакатларимиз ўртасида ҳам минтақа ичида, ҳам халқаро даражада сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очилмоқда.
Бешинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш муаммолари бўйича музокаралар механизмини яратиш.
Олтинчидан, минтақада сувдан фойдаланиш ва экология муаммоларини иложи борича тезроқ ҳал қилишни таъминлаш.
Биз Орол денгизи фалокати билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришимиз керак.
Еттинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш.
Марказий Осиё доимо ягона ва ажралмас минтақа бўлиб келган. Бизни умумий тарих ва дин, тилларимиз, урф-одатларимиз ҳамда маънавий қадриятларимиз бирлаштиради», - деди Абдулазиз Комилов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулазиз Комилов Марказий Осиёдаги яқинлашув жараёни ҳеч кимнинг манфаатларига қарши қаратилмагани ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
20:43 / 17.10.2024