Жаҳон | 21:13 / 25.02.2019
4159
3 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби қуролланиш устидан назорат бўйича янги чоралар ишлаб чиқиш зарурлигини айтди

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш давлатларни кибертехнологиялар ривожланиши ва гипертовушли ракеталар ишлаб чиқарилишини ҳисобга олган ҳолда қуролланиш устидан назорат бўйича янги чоралар ишлаб чиқишга чақирди. У бу ҳақда Женевада бошланган қуролсизланиш бўйича конференциянинг қишки сессиясида билдирди.

"Қуролланиш устидан назорат соҳасида халқаро архитектуранинг муҳим унсурлари бузилмоқда. Кимёвий қуролларни тегишли жазосиз қолган ҳолда қўллаш уларнинг тарқалишига олиб келади. Кичик қуроллар ва портловчи қурилмалардан аҳоли масканларида ноқонуний фойдаланиш натижасида минглаб инсонлар ҳалок бўлмоқда", - деди у.

Унинг фикрича, қуролланишнинг янги технологиялари инсонлар ҳали англаб етмаган ва тасаввур қила олмайдиган хатарларни кучайтиради.

"Халқаро хавфсизликнинг ҳозирги мураккаб муҳитида қуролланиш устидан назоратга нисбатан янгича нигоҳ зарур", - деди Гутерреш.

Гутеррешнинг айтишича, Ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартноманинг барбод бўлиши дунёни янада хавфли ва беқарор жойга айлантиради. "Хавфсизлик ва барқарорликнинг йўқ бўлиши шу ерда, Европада кескин сезилади", - дея қайд этди у.

У Россия ва АҚШни шартнома узил-кесил тўхтатилишигача бўлган муддатдан барча масалалар бўйича очиқ мулоқот қилиш учун фойдаланишга чақирди.

"Бу шартномани сақлаб қолиш жуда муҳим", - таъкидлади БМТ бош котиби.

Антониу Гутерреш шунингдек, Россия ва АҚШни Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддатини 2021 йилдан кейин ҳам узайтиришга чақирди.

"Ушбу шартнома иккита йирик қурол омбори ўлчамини чеклаш бўйича ягона халқаро восита ҳисобланади", - деди у.

2 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Америка Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномада иштирок этишни тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Россия президенти Владимир Путин Россия ҳам худди шу тарзда жавоб қайтаришини билдирди.

Мавзуга оид