Жаҳон | 21:21 / 09.08.2024
10264
2 дақиқада ўқилади

Эрон «кўринмас» ракета ишлаб чиқарганини эълон қилди — ОАВ

Мамлакат ушбу ракеталар юқори портловчи кучга эга жанговар каллаклар билан жиҳозланганини таъкидламоқда.

Фото: AFP

Эрон Яқин Шарқда кенг кўламли уруш бошланиш хавфи кучайганлиги сабабли «кўринмас» ракета ишлаб чиқарди, деб ёзди The Telegraph.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси 9 август куни ўз ҳарбий-денгиз кучлари кучли портловчи каллаклар билан жиҳозланган янги қанотли «кўринмас» ракеталар билан қуролланганини маълум қилган.

Нашрнинг таъкидлашича, Эроннинг энг қудратли хавфсизлик ташкилоти баёноти мамлакат ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун қасос олишга ваъда берганидан сўнг минтақадаги кескинлик кучайган пайтга тўғри келади. Исроил эса бу қотилликда иштирокини на тасдиқлади, на инкор этди.

«Ҳозирги замонда омон қолиш учун кучли бўлиш керак, ёки таслим бўлиш керак. Ўрта йўл йўқ», деди гвардия бош қўмондони, генерал-майор Ҳусайн Саломий.

«Эрон ҳарбий-денгиз кучлари кўп сонли қанотли ракеталарга эга бўлди. Бу янги ракеталар аниқлаб бўлмайдиган ва сезиларли зарар етказиши ва нишонларини чўктиришга қодир бўлган кучли портловчи каллакларга эга», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Politico нашри Эрон Исроилга ҳужум қилиш режаларини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги, чунки АҚШ маъмурияти Яқин Шарқдаги можаронинг авж олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилаётгани ҳақида ёзган эди.

«Теҳрон дастлаб Вашингтоннинг фикрини рад қилган эди, энди унга тобора кўпроқ қўшиляпти… Расмийлар Ҳаниянинг ўлдирилишига Эрондан қандайдир жавоб кутган эди. Аммо Теҳрон фикрини ўзгартирган кўринади ва АҚШ яқин орада Исроилга ҳужум бўлишини кутмаяпти», деб ёзди нашр.

Мавзуга оид