Ўзбекистон | 22:00 / 26.02.2019
8837
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Россиянинг ОТМ филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тасдиқланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги қарорини имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисида ҳукуматлараро битим тасдиқланди.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисида тегишли билдиришнома йўлласин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласинлар», дейилган ҳужжат матнида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 19 октябрь кунида, Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ва Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганди.