«Ўзбекистон тарихи» телеканали яратилиши бўйича маслаҳатлар билдирилди
Республика Маънавият ва маърифат маркази Конрад Аденауэр номидаги халқаро хайрия жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон тарихи» телеканалини ташкил этиш, функцияси, унда халқаро тажрибаларни қўллаш бўйича амалий тадбир ташкиллаштирилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Германия Федератив Республикаси маҳаллий телекомпаниялари Ассоциацияси президенти, эксперт Рене Фалькнер билан «Ўзбекистон тарихи» телеканалининг очилиши бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳи, журналистлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
«Германиялик мутахассис «Ўзбекистон тарихи» телеканали яратилиши бўйича таклиф ва тавсияларини билдириб, телеканал фаолияти йўлга қўйилгунга қадар Ўзбекистонлик мутахассисларга турли семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этиб, амалий ёрдам беришини айтиб ўтди.
Унда телеканални оммалаштириш, халқаро тажрибаларни қўллаш, Германия Федератив Республикасидан мутахассисларни кенг жалб этиш бўйича фикрлар алмашилди», – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази матбуот хизмати вакили Шаҳноза Тожиддинова.
Рене Фалькнер «Ўзбекистон тарихи»телеканалининг яратилиши бўйича иш олиб бораётган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан берилган саволларга каналнинг аҳоли орасида машҳур бўлиши борасидаги қуйидаги маслаҳатларни билдирди:
1. Аввало, «Ўзбекистон тарихи» телеканали кўрсатувларига томошабинни жалб қилиш канал жамоасидан бир мунча замонавий талқиндаги дастурлар устида изланишни, тарихни очиб беришга мўлжалланган кўрсатувларни янги форматда тайёрлашни талаб этади. Ушбу канални оммабоп, қизиқарли бўлишида шунчаки эмас, жаҳон тажрибасини қўллаган ҳолда, аҳоли ва ёшлар талабини чуқур таҳлиллар асосида ўрганган ҳолда иш кўриш кераклигини эътиборда тутиш лозим.Бугун Ўзбекистон аҳлининг кўп қисми телевизор томоша қилишади. Шундай экан, «Ўзбекистон тарихи» телеканали жамоаси масъулият билан тезкорликка риоя этган ҳолда ҳаракат қилса, ўйланган натижага эришиш мумкин.
2. «Ўзбекистон тарихи» телеканалининг мухлиси ортиши учун, биринчи навбатда тонгги дастурлар мазмунли ва қизиқарли бўлишига эътибор қаратиш керак.
3. Тонгги дастурнинг ҳар бир сонида бир, икки, ҳаттоки, уч дона бошловчи модераторлик қилиши мумкин. Аммо ҳар бир кунги сонини бир хил бошловчилар олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Тўғри, бу фикримга кўпчилик қарши чиқиши ва эътироз билдириш мумкин. Бир хил бошловчидан одамлар зерикади деб ўйларсиз. Аксинча, эрта тонгдан ишга, ўқишга, кўчага шошилаётган томошабин экран орқали ҳар куни севимли модератори чиқишини интиқлик билан кутади ва ҳаттоки, шунинг учун ҳам ТВни ёқиши мумкин. Худди томошабин ҳар кунги сериални бир хил вақтда кўришга ўргангандек жараён. Жаҳонга машҳур телекомпанияларнинг доимо бир модератордан фойдаланиш орқали юқори кўрсаткичларга эришганини кузатишингиз мумкин.
4. «Ўзбекистон тарихи» телеканали кун давомида ҳам ўз мухлисларига эга бўлиши учун тонгги дастурларда ҳар бир кўрсатув бошловчиси шу кўрсатувнинг қисқача вариантини айтиб ўтиши керак.
5. «Ўзбекистон тарихи» телеканали дастурларини шоу тарзида ва викторина йўналишида тайёрлаш жуда муҳим.
6. Тарих ҳақида маълумот берувчи кўрсатувларни гувоҳлар фикри билан бойитиш, воқеаларни саҳналаштирган ҳолда тасвирга олиш керак.
Нафақат «Ўзбекистон тарихи» балки бошқа телеканаллар дастурларига айнан журналист бошловчилик қилиши асосий қоидалардан бири ҳисобланади, дея таъкидлади Рене Фалькнер.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида «Ўзбекистон тарихи» телеканали ташкил этилишини маълум қилган эди.
Шунингдек, давлат раҳбари мамлакат келажагига йўналтирилган улкан вазифаларни амалга оширишда куч-қудрат манбаи – миллий ғояни ривожлантириш масаласига эътибор қаратиб, Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Мавзуга оид
14:30 / 14.10.2024
Гуржистон ТВ-каналлари ҳукмрон партия ролигини кўрсатишдан бош тортди
09:39 / 28.09.2024
Германияда Россия тарғибот телеканаллари эфири блокланди
17:27 / 11.08.2024
Марказий Осиёнинг умумий телеканали ташкил этилиши мумкин
11:26 / 20.07.2024