Интернет пайдо бўлиб ривожлана бошлагандан сўнг телевидение жиддий рақобатга дуч келмоқда. YouTube, Instagram, TikTok ва бошқа шу каби платформаларда ҳар хил мавзуларда турли видеолар тинимсиз эълон қилинаётган пайтда телеканаллар яшаб қолиш учун қизиқарли кўрсатувлар қилишга мажбур бўлмоқда.

Турли ютуқлар ва пул ўйналадиган кўрсатувлар телеканаллар рейтингини кўтарувчи кўрсатувлар ҳисобланади. Шу жумладан, пул ютуқлари ўйналадиган турли шоулар ҳам.

Илк бор 1998 йилда Британиядаги ITV (Independent Television) телеканалида пайдо бўлган “Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?” (Who Wants to Be a Millionaire?) кўрсатуви ҳам ютуқли пул ўйналадиган шоу ҳисобланади.

Бу кўрсатув иштирокчисига 15 та савол берилади ва ҳар бир саволга тўртта жавоб айтилади. У тўғри жавобни топса кейинги саволга ўтилади. Иштирокчи барча саволлар жавобини топса жуда катта миқдорда пул ютиши мумкин.

“Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?” кўрсатуви кўп ўтмай оммабоп шоуга айланади ва дунёнинг бошқа давлатлари телеканаллари ҳам уни ташкил этиш бўйича лицензия сотиб олади.

Британияда ташкил этилган кўрсатув иштирокчиси барча саволларга тўғри жавоб берса у бир млн фунт стерлингга эга бўлади. Кўрсатув оммалашиб борар экан, унда иштирок этиш имкониятини қўлга киритган айримлар ғирром ва алдов йўли билан ютиб кетишга уринади. Ана шундай шахслардан бири Британия армияси майори Чарлз Ингрэм бўлган.

Кўрсатувдан кадр

Ғолиблик ва ғирром ўйин

2001 йил 9-10 сентябр кунлари Борхэмвуд шаҳридаги Elstree Studios компанияси студиясида ITV телеканалида намойиш этиш учун “Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?” кўрсатувининг навбатдаги сони суратга олинади.

Унда қатнашган Британия армияси майори Чарлз Ингрэм барча саволларга тўғри жавоб топиб ғолибга айланади. Охирги савол шундай бўлганди:

100 та нол билан тугайдиган рақам қандай аталади?

А: Гугол

Б: Мегатрон

С: Гигабит

Д: Нанамол