Иқтисодиёт | 10:08 / 04.03.2019
16953
3 дақиқада ўқилади

Статистика қўмитаси февраль ойида нархлар неча фоизга ошганини маълум қилди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг февраль ойида мамлакат истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,6%га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ой давомида маҳсулотлар нархи 1,8%га, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 2,0%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%га ошди. Хизматлар нархи эса 0,8%га қимматлашди. 

Ой давомидаги нархлар ўзгаришининг тузилмаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилнинг февраль ойида ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда таъсир даражаси бўйича устунлик озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тааллуқли.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларнинг ўсиши борасидаги етакчилик мева-сабзавот маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида нархлар ўртача 4,0%га қимматлашган 

Нархларнинг қимматлашиши бўйича иккинчи ўринни умумий овқатланиш муассасалари банд этган. Ўтган икки ой давомида нархлар кетма-кет 3,0%дан юқори даражада ошиб борган (январда 3,4%, февралда 3,3%). 

2019 йилнинг февраль ойида нархларнинг ўсиши борасидаги етакчи учликнинг сўнгги поғонасини сут маҳсулотлари эгаллаган бўлиб, ой давомида нархлар ўртача 3,2%га қимматлашган. 

Гўшт маҳсулотлари орасида колбаса ва дудланган гўшт нархлари сезиларли даражада қимматлашган бўлса, парранда гўшти маҳсулотлари эса аксинча, бироз арзонлашган. 

Шакар, чой, қандолат ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 1,7%га кўтарилди. 

Нон маҳсулотлари гуруҳидан ёрма ва дуккакли, макарон маҳсулотлари нархлари ой давомида 2,4%, мош 2,3%, гуруч 1,9%, тандир нон 0,5%, буғдой уни 0,4%га қимматлашган.

Тухум нархларининг арзонлашганлиги мамлакатнинг бешта ҳудудида қайд этилган (Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари). Республика бўйича нархлар ўртача 0,2%га арзонлашган. 

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи орасида алоқа воситалари (9,5%), маданий моллар (5,9%), асосий турдаги маиший товарлар ва электр ускуналар (5,8%), ювиш ва тозалаш воситалари (5,7%), автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар (2,9%), ошхона жиҳозлари (2,2%), маиший тўқимачилик маҳсулотлари (2,1%), кийим-кечаклар (1,4%) ва оёқ кийим (1,0%) нархларининг қимматлашганлиги қайд этилган 

Ой давомида автомобиллар учун ёқилғи нархлари ўрта ҳисобда 0,1%га арзонлашди. Бензин ва метан нархларнинг барқарор сақланиши баробарида пропан нархлари 1,0%га арзонлашди. 

Ой давомида йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархлари ўртача 0,2%га ошган. 

2019 йилнинг январь-февраль ойлари давомида дам олиш хизматлари (6,1%), 2018 йилнинг февраль ойига нисбатан эса уй-жой коммунал соҳаси хизматлари (24,9%) нархлари сезиларли даражада қимматлашган. 

Мавзуга оид