Тошкент шаҳар ИИББ ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда
Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида республика ҳудудида, хусусан Тошкент шаҳрида уюштирилаётган итлар жанглари ҳақида кўп хабарлар пайдо бўлмоқда.
ИИББ хабарига кўра, ўтган ҳафтада “ИИББ: халқ билан мулоқот (Тошкент)” гуруҳида фойдаланувчи Сергели туманида бўлиб ўтаётган итлар жанги тўғрисида норозилик билан хабар қолдирган. ИИББ шу заҳотиёқ ушбу хабарда қолдирилган маълумотни ўрганишга киришди.
“Кўргазма” сифатида эълон қилинган ушбу тадбир ташкилотчисига нисбатан чора кўрилди: воқеа жойига Сергели тумани ИИО ФМБ ва Миллий гвардия ходимлари етиб келишиб, итлар жангини тўхтатишди. Маъмурий суд жамият раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 200-1 моддасида (“Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш”) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, жаримага тортди.
Тошкент шаҳар ИИББ “кўргазма” сифатида уюштирилаётган ҳайвонлар жанги муаммосига бефарқ бўлмади. Бу каби фактларни аниқлаш ва тўхтатиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда ИИББ ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштириш ва ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, хориждаги амалиёт ўрганиб чиқилган. Россияда 2018 йил 27 декабрь куни “Ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш ва Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгаришлар киритиш тўғрисида”ги Федерал қонун имзоланиб, унинг “Ҳайвонларни шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш” номли 11-моддасида ҳайвонлар жанги ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган. Қонун шунингдек “ҳайвонларга нафақат шафқатсизлик қилиш, балки шу билан боғлиқ бўлган контент тарқатиш”ни ҳам тақиқлайди.
АҚШ қонунлари ҳам итлар жангини тақиқлаб, уларни уюштирганларни қаттиқ жазолайди.
Буюк Британияда шафқатсизлик жиноят ҳисобланиб, 51 ҳафта муддатига қамоқ ва 20 минг фунт стерлинг миқдорида жарима билан жазоланади.
Қозоғистонда итлар жанги фақатгина саралаш мақсадида ва фойдаланувчининг ИИИБ фейсбук саҳифасида қолдирган маълумотига кўра, “биринчи қонгача ҳамда ветеринарлар гувоҳлигида” ўтказилади.
Бизнинг қонунчилигимизда ҳайвонлар жангини тўғридан-тўғри тақиқлайдиган модда йўқ. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасида (“Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш”) ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. Бу каби жарималар ҳайвонларга шафқатсизлик қилаётган шахсларни тўхтатмаяпти.
“Раҳмдиллик, мурувват ва ҳамдардлик болаларга кичик ёшдан ўргатилади. Улар ўзлари учун илк ибратни катталарнинг бир-бирларига қилган муомалаларидан, ҳамда улардан ожизроқ бўлган ҳайвонларга муносабатларидан олишади”, - дея таъкидланади ИИББ хабарида.
Мавзуга оид
07:47 / 15.06.2021
Тошкентда ИИББ ходими ва ички ишлар бўлимига келган фуқаролар ўртасида келишмовчилик келиб чиқди
17:34 / 20.05.2021
Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ содир бўлди
12:01 / 06.05.2021
Равшан Султонхўжаев Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари этиб тайинланди
23:51 / 24.02.2021