23:52 / 05.03.2019
8033

Дунёдаги миллиардерлар сони бир йил ичида 55 нафарга қисқарди – Forbes

Фото: VADIM ZHERNOV/TASS

Дунёнинг доллар миллиардерлари сони 2018 йил бошидан 55 нафарга қисқариб, ҳозирда 2153 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Forbes нашри маълум қилди.  

Таъкидланишича, миллиардерлар сони Осиё-Тинч океани минтақасида, айниқса Хитойда катта даражада қисқарган. 2019 йилда у ерда миллиардерлар сони 49 нафарга камайган. Миллиардерларнинг сони кўпайган ягона давлатлар – АҚШ ва Бразилия бўлди. Нашрнинг таъкидлашича, АҚШда ҳозирда 609 миллиардер бор, улардан 14 нафари дунёнинг энг бадавлат кишиларининг йигирматалигига киради.   

Барча миллиардерларга тегишли умумий бойлик 8,7 трлн долларга баҳоланган, бу 2018 йилдагидан 400 млрд долларга камроқдир. 994 миллиардернинг бойлиги камайган.

Ўтган йилдан бери етакчи учталик ўзгаришсиз қолган: Amazon компанияси раҳбари Жефф Безос 131 млрд доллар билан 1-ўринни эгалламоқда, унинг ортидан Microsoft асосчиси Билл Гейтс (96,5 млрд доллар) ва сармоячи Уоррен Баффетт (82,5 млрд доллар) келмоқда. 4-ўринни ўтган йилдагидек Louis Vuitton Moet Hennessy компанияси раҳбари Бернар Арно (76 млрд доллар) эгаллаган. Facebook асосчиси Марк Цукерберг 5-ўриндан 8-ўринга тушиб кетган. Унинг бойлиги 62,3 млрд долларга баҳоланган. 

Нашр дунёнинг энг бой аёли сифатида L'Oreal компанияси меросхўри Франсуаза Бетанкур Майерсни эътироф этган. Аёлнинг бойлиги 49,3 млрд долларга баҳоланган (умумий рейтинда 15-ўрин). Унинг ортидан Walmart корпорацияси асосчиси қизи Элис Уолтон (45,3 млрд доллар) ва Mars қандолатчилик фабрикаси асосчиси набираси Жаклин Марс (23,9 млрд доллар) келмоқда.

Энг ёш миллиардер деб 21 ёшли америкалик модел ва тадбиркор Кайли Женнер топилган. Унинг бойлиги 1 млрд долларни ташкил қилган (умумий рейтингда 2057-ўрин). 

Top