Кўчмас мулк | 15:41
1363
3 дақиқада ўқилади

Forbes кўчмас мулк секторидаги энг йирик инвестор номини эълон қилди

2001 йилдан буён Zara бренди эгаси Амансио Ортега 216 та кўчмас мулк объектини 24 миллиард долларга харид қилган. Таққослаш учун, бу Амазон асосчиси Жефф Безоснинг Blue Origin космик стартапига киритган жами инвестицияларидан ҳам кўпроқ.

Фото: AP

Zara бренди эгаси Амансио Ортега кўчмас мулк секторидаги энг йирик инвесторга айланди. Бу ҳақда Forbes корпоратив ҳужжатлар, ер реестрлари маълумотлари ва тўққиз мамлакатда эълон қилинган ҳисоботлар, шунингдек, Regrid вa Real Capital Analytics маълумотлар базаларига таяниб хабар берди.

Forbes журналистлари Ортеганинг «империя харитаси»ни тузишди. Тадбиркорнинг барча кўчмас мулклари қиймати 25 миллиард долларга баҳоланяпти. Мазкур активлар 13 мамлакатда жойлашган 200 дан ортиқ объектни ўз ичига олади. Бу эса Ортегани кўчмас мулк секторида дунёдаги энг йирик магнатга айлантиради — унинг портфели ҳатто энг муваффақиятли девелоперлар, жумладан, австралиялик Ҳарри Тригубофф (23,2 млрд доллар) ва америкалик Доналд Брен (19,2 млрд доллар) активларидан ҳам қимматроққа баҳоланяпти.

2001 йилда Inditex компанияси Мадрид Stock Exchange’да IPO қилганидан бери 90 ёшли Ортега деярли 100 та мамлакатдаги 216 та кўчмас мулк объекти учун қарийб 24 миллиард доллар сарфлаган. Forbes маълумотига кўра, бу мулкларнинг катта қисми ҳали ҳам унинг ихтиёрида. Фақатгина 10 та объект қайта сотилган. Тадбиркорнинг кўчмас мулкка йўналтирган умумий инвестициялари Amazon асосчиси Жефф Безоснинг Blue Origin космик стартапига киритган 20 миллиард доллардан ҳам ошади.

Фақат ўтган йилнинг ўзида Ортега 10 та шаҳар ва 8 та мамлакатдаги янги битимлар учун 3 миллиард доллардан ортиқ пул ишлатган. У 7 та офис биноси, 2 та меҳмонхона, 2 та саноат ҳудуди, ҳашаматли савдо маркази, кўп қаватли турар жой, шунингдек, Британиядаги йирик порт операторининг 49 фоиз улушини сотиб олган. Бундан ташқари, тадбиркор 93 минг квадрат метр офис майдонига эга Вансоувердаги тарихий Canada Post биносини 850 миллион долларга харид қилади ва Амазонга ижарага берди.

Жорий йил 16 апрел ҳолатига кўра, Forbes испан тадбиркорининг бойлигини 139,3 миллиард долларга баҳолаган. У нашр тузган дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 13-ўринни эгаллаб турибди.  

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид