Спорт | 19:24 / 05.03.2019
15586
11 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов билан суҳбат: Яқин Шарқнинг энг қайноқ ўйини, майдондаги 22 миллионер ва кучли футболчиларга «ов» ҳақида

Футбол мамлакатни дунёга танитадиган энг яхши воситалардан бири. Бугунги кунда футболни миллиардлар ўйини дейишади. Ўзбек футболида ҳам мамлакат номини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган вакилларимиз кўп. Улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, Равшан Эрматовдир. Жаҳон чемпионатида энг кўп ўйинда ишлаган ҳамюртимиз Kun.uz таҳририяти меҳмони бўлди, ундан фаолияти билан боғлиқ саволларимизга жавоб олдик.

«Эрон ва Ироқ кимга ютқазса ҳам, бир-бирига ютқазмайдиган жамоалар»

Эрматов фаолияти давомида кўплаб юқори даражадаги ўйинларда ишлаб, ўзи қатнашган мусобақаларнинг мураккаб ўйинларида ҳам ўзини йўқотиб қўймаган. Қуйидаги ўйинларни Эрматов фаолиятидаги энг мураккабларидан деб топдик ва бу борада унинг фикрлари билан қизиқдик: Уругвай – Нидерландия (ЖЧ-2010 ярим финали), Аргентина – Хорватия (ЖЧ-2018 гуруҳ босқичи ўйини), Эрон – Ироқ (Осиё Кубоги-2019 гуруҳ босқичи ўйини). Ҳакам бу ўйинларнинг барчаси ўзи учун қийин кечганини айтди.

«Биласизми, ҳакам учун осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳакам барча ўйинга энг оғир сценарийга тайёр бўлиб тушиши керак. Ҳар бир ўйин қайсидир маънода финал деганидир. Юқорида санаб ўтган ўйинларингиз ёдимда. Уругвай – Нидерландия ўйинидан бошласак. Ўша ўйиндан икки ярим кун аввал Германия ва Аргентина ўртасидаги чорак финал ўйинида ишлагандик. Германия – Аргентина ўйини финалдан олдинги финал бўлганди. Бундай ўйинлардан кейин одам руҳан чарчайди ва тикланиш учун кўп вақт талаб қилинади. Бу ўйиндан 3 кун ҳам ўтмай ярим финалга тайинланганим кутилмаган ҳол бўлган. Голландлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Ҳеч қандай муаммосиз ўтказганмиз ўйинни.

Аргентина – Хорватия ўйини ҳам шиддатли кечган. Асосийси, бу ўйинни қизил карточкасиз ўтказганмиз. Ҳакам учун ўйинни қизил карточкасиз ўтказиш жуда муҳим. Эрон – Ироқ ўйини қандай ўтишини биласиз. Бу Яқин Шарқ дербиси. Эрон ва Ироқ кимга ютқазса ҳам бир-бирига ютқазишни истамайди. ОФК бундай қийин ўйинни бизга ишониб топширганидан хурсанд бўлганмиз. Кўрган бўлсангиз, учрашувнинг бошланиши кескин ўтганди. Кейин футболчиларга мухлислар уларнинг жанжалини эмас, футбол кўргани келганини тушунтириб, вазиятни назоратга олдик ва ўйин четлатишсиз, жиддий хатоларсиз ўтди. Ўйиндан кейин Карлуш Кейруш бугун учта яхши жамоа ишлади: Эрон, Ироқ ва ҳакамлар жамоаси деб айтди. Бундай гаплар одамнинг кайфиятини кўтаради.

ОФКда бизга Эрон – Ироқ ўйинини бизга беришдан олдин олдинги мусобақадаги бу жамоалар иштирокидаги ўйин ҳамон кўпчиликнинг ёдида эканини, шу сабаб бу ўйин муаммосиз ўтиши кераклигини алоҳида таъкидлашди. Футбол ўйини учун ҳар қандай жанжал ва можаро ортиқча».

Фото: Равшан Эрматов

«Мақсади тез бойиб кетиш бўлган одамнинг фаолияти узоққа чўзилмайди»

Журналистлар ва мухлислар орасида келишилган ўйинлар, тотализатор ва ҳакамларнинг бирор жамоага ёрдам бериши кўп муҳокама қилинади. Равшан Эрматовнинг бу борадаги фикрлари билан ҳам қизиқдик.

«Биласизми, тотализатор нафақат футбол учун, балки бутун дунё спорти учун бало. Ҳар қандай ҳолатда тотализатор орқали пул ишлайдиганлар топилади. Бу нарса бевосита натижаларга ҳам таъсир қилади. Ҳакамларнинг ёрдами ҳақида сўрадингиз. Бу борада айтишим мумкинки, одам ўз олдига қандай мақсад қўйганини аниқлаштириб олиши керак. Кимдир ўз соҳасининг профессионали бўлишни мақсад қилса, ютади. Лекин кимдир тезроқ бойиб кетишни ўйласа, бундай инсоннинг фаолияти узоқ давом этмайди.

Ҳакамларнинг бирор жамоага ёрдам бериши мен учун нозик масала. Чунки ўзим ҳакам бўлганим учун майдонда ҳакамнинг ҳолатини яхши тушунаман. Айблашдан осон нарса йўқ. Футболда хато кўп бўлади. Футболчи ҳам, мураббий ҳам, ҳакамлар ҳам хато қилади. Ҳакам билиб туриб хато қиляпти дейиш осон, лекин ҳакам ҳам хато қилиши мумкин-ку? Бир ўйин давомида 200тага яқин муаммоли вазият бўлиши мумкин. Шундан 195тасида тўғри қарор чиқарсангиз, бу жуда яхши натижа. Лекин кўпчилик нимагадир 195та тўғри қарорни эмас, ўша 5та нотўғри қарорни эслайди. Ҳакам ўйин давомида 80-85 фоиз вазиятни кўра олиши мумкин, ўйиндаги барча вазиятни назорат қилиш имконсиз.

Масалан Жаҳон чемпионатини олайлик. У ерда дунёнинг энг зўр ҳакамлари ишлашади. Қўшимчасига VAR тизими жорий қилинди, лекин мусобақа давомида 20-23та ўйин натижасига таъсир қилган хатолар бўлди. Бу ҳар 2-3та ўйинда жиддий хато бўлди дегани. Дунёнинг энг яхши ҳакамларида шунча хато бўлаётганда нега бизнинг ҳакамларда ҳам инсон фактори борлигини инобатга олмаслигимиз керак? Ҳакам ҳар ўйиндан кейин таҳлил қилиши керак. Агар хатоларини кўриб чиқмаса, кейинги ўйинларда яна такрорланиши мумкин».

«Хоҳласангиз сизга қизил карточка кўрсатишим мумкин»

Кўпчилик ҳакамлар ўйиндан кейин сариқ ва қизил карточкаларни нима қилиши билан қизиқади. Равшан Эрматов бу ҳақдаги саволимизга жавоб берар экан, бизга сариқ карточка кўрсатиши мумкинлигини айтиб ҳазил қилди.

«Сариқ карточка ҳар ўйиндан олдин берилмайди. Битта ҳакамга бир комплект сариқ карточка бир мавсум учун берилади. Уни ҳар ким ҳар қанақа ишлатади. Кимдир кичик дафтарча олиб юради ва ўшанга ёзади. Мен эса карточканинг ўзига ёзаман. Кейинчалик уни ўчириб ташлаб, бошқа ўйинларда ишлатиш мумкин. Лекин хоҳласангиз, сизга сариқ карточка кўрсатишим мумкин (кулади)».

«Майдонда 22 миллионер ўйнайди»

Меҳмонимиздан у учун мураккаб футболчи борми ёки йўқлиги ҳақида сўрадик. Равшан Эрматовнинг айтишича, чиқишиб бўлмайдиган футболчининг ўзи йўқ.

«Тилини топиб бўлмайдиган инсон бўлмайди деб ўйлайман. Майдонда 22 футболчи, яъни 22 миллионер ўйнайди. Уларнинг барчаси ўзига хос характерга, инжиқликларга эга. Уларга калит топишга ҳаракат қилишингиз керак бўлади. Агар футболчи билан чиқиша олмасангиз, ҳар қандай футболчи сиз учун мураккаб туюлаверади. Майдондаги футболчилар ҳақида маълумот тўплаш керак.

Юқорида айтганимдек, ҳакам ўйиндаги 80-85 фоиз вазиятларнигина кўра олиши мумкин. Қолган вазиятларда тўғри қарор чиқариши ҳакам учун уйга вазифа қилиб берилган бўлади. Яъни, ҳакам футболчиларни ўрганиши керак. Баъзи футболчилар қўпол бўлади. Уларни назардан қочирмаслик керак. У футболчи рақиб таркибидаги асосий ўйинчини ўйиндан чиқариш учун «ов» бошлайди. Ҳакам ўша «ов»ни тўхтатиб қолмаса, футбол яхши бир вакилидан айрилиб қолиши ҳеч гап эмас.

Яна шундай футболчилар борки, ундайлар симулянт бўлади. Бўлар бўлмасга йиқилаверади. Ўша футболчи билан боғлиқ шубҳали вазиятни кўролмай қолсангиз, симуляция деб кетишингиз мумкин. Балки уни ростданам тепишгандир, лекин бу футболчининг ёмон имижи ўзига қарши ишлайди».

«Ҳовард Уэбб ЖЧ финалига тайинланганида залда югуриб кетган»

Равшан Эрматовдан жаҳонга машҳур 5 ҳакам ҳақида фикрини сўрадик. Меҳмонимиз Ҳовард Уэбб, Никола Риццоли, Нестор Питана, Массимо Бузакка ва Феликс Брих ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтди.

«Ҳовард билан 2007 йил февралда танишганмиз. 2010 йилги Жаҳон чемпионатига тайёрланиш жараёнида бирга қатнашдик. Хушчақчақ, футболни яхши кўрадиган, қувноқ инсон. Ҳовард ҳозир Америка лигасидаги ҳакамларга раҳбарлик қилади. Никола Риццоли билан ҳам яхши танишмиз. У яқинда бир китоб чиқарди. Унда ЖЧ-2018 финалига тайинланиш жараёнини ҳам ҳикоя қилади. Риццоли финалдан олдин 4та бригада қолганини ва финални ўзбекистонлик ҳакамларга беришлари аниқ деб ўйлаганини эслайди. «Р деб айтишганидан сўнг Равшан финалга тайинланганига янада ишонч ҳосил қилиб, унга қарадим. Равшан қандай реакция билдиришини кўрмоқчи эдим», деб ёзади Никола.

Ҳовард Уэбб ЖЧ-2010 финалига тайинланганида зал бўйлаб югуриб кетган. Орасио Элисонда 2006 йил финалга тайинланганида йиғлаб юборган. Рицолли эса 2014 йилги финалда тайинланганини билгач, 10 дақиқа ўзига кела олмаганини, бу вақтда кўз олдидан ёшлиги, ҳакамликка кириб келган чоғлари ўтганини айтади. Никола билан ҳозиргача гаплашиб турамиз.

Нестор Питана ҳакамлар орасида энг катта ҳакам (кулади). Биласиз, у жуда гавдали одам. Ёшлигида футболчи бўлган. Ўзининг айтишича, Аргентинанинг энг қўпол ҳимоячиси бўлган экан (кулади). Нестор ажойиб инсон. У ЖЧ-2018 финалига ҳақли тарзда тайинланди. Яқинда у билан Саудияда ҳам кўришдик.

Бусакка ҳам яхши дўстим. У билан 2010 йилги ЖЧга бирга тайёрландик. 2011 йил ФИФА Массимони ҳакамлар кўмитасига раҳбар қилиб тайинлади. Чунки у адолатли инсон. Фелик Брих Германиянинг энг яхши ҳакамларидан. У билан 2014 ва 2018 йилги ЖЧда бирга тайёрлангандик. Охирги ЖЧда унга негадир биттагина ўйин беришди. Лекин Феликснинг квалификациясига шубҳа йўқ».

Равшан Эрматовнинг айтишича, дунё ҳакамларининг ижтимоий тармоқда гуруҳлари бор ва у ерда гаплашиб туришади.

«Жаҳон чемпионати ҳакамлари деган гуруҳимиз бор. У ерда гаплашиб турамиз, чунки биз дўстмиз. Раҳматли бобом 100 сўм пул олма, 100та дўст ол деб айтардилар. Қанча дўст кўп бўлса, шунча яхши. Бутун дунёдан дўстларим борлиги менинг бахтим деб ўйлайман».

«ЖЧ-2010 очилишида 18 км югурганман»

Меҳмонимиздан ўйин давомида қанча югуриши, бу борадаги шахсий рекорди ва жисмоний ҳолати ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, ҳакамлар майдонда футболчилардан кўп югуришади.

«Майдонда ҳакамлар футболчилардан кўпроқ югуришади. Чунки биз тўп қаерда бўлса, ўша ерда бўлишимиз керак. Мен ЖЧ-2010 очилишида 18 км югурганман ва бу менинг шахсий рекордим. Балки ҳаяжондан кўп югургандирман (кулади). Баъзи ўйинлар бўладики, фақат битта жамоа ҳужум қилади. Бундай ўйинларда кўп югуриш шарт бўлмайди. Икки томонга ҳам тинимсиз ҳужум бўлиб турса, кўпроқ югуриш керак. Умуман олганда, ҳар ўйинда ўртача 12-13 км югураман.

Баъзан бизнинг машғулотларимизни кўрган мураббийлар ҳакамларга нима керак бунақа оғир машқлар деб айтишади. Лекин биз ҳам жисмоний жиҳатдан доим яхши ҳолатда бўлишимиз керак. Акс ҳолда, вазиятдан ортда қолишимиз ҳеч гап эмас. Олдимизга баъзи ёшлар келишади. Шогирдликка олинг дейишади. Хўп деймиз. 2-3 кундан кейин кўринмай кетишади. Ҳакамликни осон иш деб ўйлаган эканман, менга тўғри келмади дейишади. Ёшларга ҳамма вақт бир гапни айтамиз: оғир йўлни танлаш керак».

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мавзуга оид