Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясида Суперлига сўнгги ўйинларидаги ҳакамларнинг хатолари муҳокама қилинди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ҳакамлар қўмитаси вакили Валентин Коваленко, ЎФА ҳакамлар қўмитаси раиси Эркин Бахтиёров иштирок этиб, журналистлар қаршисида ҳакамларнинг Суперлига сўнгги турларидаги баҳсли вазиятларини таҳлил қилиб, саволларга жавоб беришди.
Журналист, ҳакамлар иштирокидаги йиғилиш бошланишидан аввал, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов йиғилганлар олдида сўзга чиқиб, Суперлига сўнгги турларида рўй бераётган турли воқеаларга ойдинлик киритиш, вазиятларни биргаликда муҳокама қилиб, мутахассислар томонидан ҳакамлар қарорларини тушунтириш мақсад қилинганини айтиб ўтди. Шу билан бирга у яширадиган ҳеч нарса йўқлигини, ЎФА ҳакамлар қўмитаси исталган вазиятни очиқ муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

«Чойхонага борасан, юрасан, ишинг қолиб кетади. Мен ўйингача 3 кун ухлай олмасдим». Равшан Эрматов ҳакамларни танқид қилди
ЎФАда ўтказилган Суперлига ўйинларидаги ҳакамларнинг баҳсли вазиятлари бўйича муҳокамада ташкилот биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳакамларни ўз устида кўпроқ ишлашга чақириб, уларни танқид қилди.
«Ошинг ҳалол бўлса, кўчада е», дейишади. Ҳеч кимдан яширадиган, беркитадиган нарсамиз йўқ. Хато бўлса, хатони тушунтириб беришимиз керак. Бутун дунёда ўйин давомидаги жараёнларда хатолар кузатилади. Англия, Испания, Италия чемпионатларида ҳам ҳар турда хатолар муҳокама қилинади. Сўнгги ЖЧ-2018да 23та ўта қўпол хато кузатилган. Дунёнинг топ ҳакамлари шундай хатога йўл қўйган. Ҳамма ўйлайдики, буларнинг хато қилишга ҳаққи йўқ деб. Улар ҳам инсон, хато қилишга ҳаққи бор. Адашиб қолиши мумкин. Топ ҳакамлар хато қилаётганда, булар топ даражага чиқишига ҳали анча бор. Хафа бўлишмасин, юзига айтаман буни.

Чунки керакли даражада ўзини қийнамаяпти, устида ишламаяпти, таҳлилга жиддий ёндашмаяпти. Агар ўз ҳаётини бағишласа, умуман бошқа савияда бўларди. Ҳаётингни ўз ишингга бағишламасанг, натижа бўлмайди. Чойхонага борасан, юрасан, ишинг қолиб кетади. Мен ўйиндан уч кун аввал жамоаларни, футболчиларни ўрганмасам ухлай олмасдим. Ўйиндан кейин ҳам ухлолмасдим, токи қаерда қандай қарор қабул қилганимни таҳлилини билмасам. Агар бунақа ёндашув бўлса, эртага натижа бўлмайди. Бу масалани биринчи ёки иккинчи марта эмас, доим гапириб келяпмиз», - дейди ЎФА биринчи вице-президенти.











