Спорт | 12:50 / 06.04.2021
7925
1 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов ва ФИФА вакили футболчилар учун янги ташкил этилаётган ўқув-машғулот базасини кўздан кечирди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ФИФА вакили Андер Вашкевич ассоциация ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилаётган ўқув-машғулот базасининг қурилиш режаси билан танишди.

Фото: Kun.uz

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ушбу лойиҳага ажратилган Тошкент вилоятидаги 12 гектар ер майдони кўздан кечирилиб, лойиҳа режаси ва чизмалари атрофлича ўрганилди. ФИФА вакили Андер Вашкевич 3 кун мобайнида Тошкент вилоятида бўлиб, янги ўқув базасига тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этиши режалаштирилган.

Лойиҳага асосан табиий чимга эга 6та ва 1та сунъий қопламали футбол майдони, ангар типидаги футзал майдони, 150 ўринли меҳмонхона мажмуаси, 700 кв.м. майдонга эга спорт заллар, мини-футбол ва соҳил футболи билан шуғулланиш учун битта алоҳида майдон, 150 кишига мўлжалланган ресторан, 130 кишилик анжуманлар зали, шунингдек, кутубхона, музей ва дам олиш масканлари қуриб битказилади.

Бундан ташқари, ҳудудда функционал диагностика, спортчиларни соғломлаштириш ва реабилитацияси учун замонавий спорт тиббий марказ ташкил қилиш ва зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида спорт тиббиёти маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Мавзуга оид