Uzcard раҳбари: «Тизим хавфсизлиги учун улкан куч ва воситалар сарфлаяпмиз»
Mirzo Ulugbek Innovation Center маркази ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги «Хавфсиз кўприк» форумини ўтказди. Унда мутахассислар ахборот хавфсизлиги мавзусида фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
21 асрда ахборот хавфсизлиги жамиятнинг барча қатламларига таъсир этгани сабабли, давлат аҳамиятига молик тушунча саналади. Айнан шунинг учун ҳам мамлакатимиз ва яқин хорижий давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари ахборотни ҳимоялашнинг замонавий воситалари, Ўзбекистонда блокчейн технологиясининг амалий қўлланилиши, алоҳида эътиборга молик ахборот бошқарув тизими ва бошқа кўплаб масалалар тўғрисида мулоҳаза билдиришди.
Тадбирда давлат ҳокимияти органлари вакиллари, Ахборот технологиялари ва Ахборот хавфсизлиги бўлимлари раҳбарлари, банкларнинг мазкур соҳадаги мутахассислари, хусусий сектор аъзолари ҳамда Mirzo Ulugbek Innovation Center резидентлари иштирок этишди.
ЯУПМ (Uzcard) раҳбари Ахрор Маҳмудов мазкур форумда «Ахборот ҳимояси: интеллектуал мулк, банк карталари» мавзусидаги маъруза билан қатнашди. Маърузачи ахборот хавфсизлигига таҳдид ҳолатлари Ягона умумреспублика процессинг маркази даражасида ҳам рўй бераётгани ва ҳимоя масаласи бирламчи вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Маҳмудов ўз нутқида тўловларнинг рақамли трансформацияси ва уларнинг хавфсизлиги, шахснинг биометрик идентификацияси ҳамда NFC технологиялари асосида мобиль иловалар ёрдамида тўловларни амалга ошириш каби долзарб мавзуларга тўхталиб ўтди. Юқорида санаб ўтилган барча ҳимоя воситалари ахборий активларни тажовузкорларнинг ноқонуний таҳдидларидан самарали ҳимоялашга қаратилган. Хавфсизликка қаратилган ҳаракатларимиз таваккалчиликни камайтириб, техник носозликлар натижасида кузатилувчи потенциал зарарлар, ходимлар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган тасодифий хатоликлар, маълумотларни қайта ишлаш жараёнидаги технологик ёки ташкилий нотўғри ечимлар кўрсаткичини пасайтиради, ахборот узатилиши ва сақланиши, технологик жараёнларнинг нормал ишлашини таъминлайди.
Компания раҳбарининг хабар беришича, айни дамда ЯУПМ (Uzcard) Ўзбекистонда 29 та банк ва 40дан ортиқ тўлов тизимларига хизмат кўрсатмоқда. Хавфсизлик тўлиқ махфийлик сиёсати принципи асосида таъминланиб, шартнома асосида кафолатланади ҳамда мамлакат қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги сўнгги тренди сифатида QR-коддан фойдаланишни келтириб ўтиш мумкин. Ушбу янгиликни мазкур усул ёрдамида тўловларни амалга ошириш механизмини жорий этган савдо-хизмат кўрсатиш пунктларида текшириб кўриш мумкин.
Технология икки ўлчамли штрих-код шаклида бўлиб, ахборотни визуал кодлашда ишлатилади. Бугунги кунда у турли йўналишларда фаол фойдаланиб келинмоқда. QR-код электрон маълумотлар узатиш принципига асосланади. Бу, айниқса, кўп миқдордаги ахборотни узатиш ёки ундан фойдаланишни соддалаштиришда қўл келади. QR-код сурати маҳсулот ёки хизматни танлаш жараёнини енгиллаштиришга ёрдам беради, ахир қадоқ ёки реклама плакатидаги мана шу кичик квадратчада 4296 тагача белги сиғдирилади. У алоқа жараёнини оптималлаштиришга ҳам хизмат қилади – масалан, аксарият ҳолатларда ташриф қоғозидаги нишончада биргина тугмани босиш билан контактларингиз рўйхатига қўшиладиган телефон рақами шифрланган бўлади. Шу билан биргаликда, QR-кодлар ёрдамида ҳаволадан ўтиш, электрон хат, СМС юбориш, манзил жойлашувини билиш ва бошқа кўплаб амалларни бажариш мумкин.
Спикер процессинг марказининг сервер қисми ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтди. Унда ҳар бир амалиёт бўйича: POS-терминаллар, банкоматлар, инфокиосклар, мобиль иловалар ҳамда бошқа кўплаб интернет майдончаларидан келиб тушган маълумотлар қайта ишланади. Шу мақсадда, 2018 йилда ЯУПМ тизими тўлиқ янгиланди.
Марказ томонидан, шунингдек, ички қонунларимизга биноан махфийлик сиёсатига амал қилувчи бир қатор инновацион ечимлар, яъни дастурий таъминот ва софтлар яратилди. Барча ишлаб чиқилган 6 та дастурий ечимлар(Welly тўлов терминали учун ДТ, PАХ S90 тўлов терминали учун ДТ, SV-AUCTION сервери, SV-GATE сервери, SMART MOVE, ПО USSD GATEWAY) Ўзбекистон интеллектуал мулк Агентлигида рўйхатдан ўтган.
- Ҳавфсизлик масаласи барча учун бирдек, ниҳоятда долзарб бўлгани сабабли, бугунги форум ЯУПМ учун улкан аҳамиятга эга. Бу ҳимояга ҳар сонияда қаршилик қилувчи муаммо саналади.
Ҳатто Facebook, Google, Amazon каби йирик корпорациялар ҳам хавфсизликни таъминлаш учун миллиардлаб маблағ сарфлайдилар.
Жумладан, ЯУПМ ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириб келмоқда ва мамлакатимизда узоқ вақт давомида маҳаллий муҳит доирасида хизмат кўрсатилгани туфайли аксарият дунё трендлари бизни чеклаб ўтишган. Икки йил мобайнида биз очиқ сиёсат юритиш имкониятига эга бўлдик ва айни дамда инновацион ечимларни жорий этишга тайёрмиз. Биз, одамлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўз карталаридан хавфсирамасдан фойдаланишларини истаймиз.
Ўтган йили Uzcard компаниясида катта муаммо рўй берди – тизимда вақтинчалик носозликлар кузатилди. Ўтказган изланишларимиз натижасида, носозликлар айнан кибер-ҳужум сабабли пайдо бўлганини аниқладик. Тизимни ҳимоялаш учун қўлдан келган барча имкониятларимизни ишга солган бўлсак-да, дунёда ҳеч ким тизим тўлиқ ҳимояланган, дея олмайди. Шунинг учун ҳам шу каби масалаларни кўтаришимиз, фикр ва тажриба алмашишимиз даркор. Муҳокамалар қанчалик кўп бўлса, хавфсизроқ бўлиш имкониятлари шунча ортади, – Аҳрор Маҳмудов, ЯУПМ Бош директори.
Форумда Ernst&Young АТ бўлими катта менеджери Руслан Исмагулов, мониторинг ва Техник ёрдам марказининг ахборот хавфсизлиги ҳодисалари мониторинги ва уларга жавоб бериш бўлими бошлиғи Ўктам Собиров,D:CODE техник директори Руслан Юлдашев, BePro компаниясининг Thales билан ишлаш бўйича асосий аккаунти, менеджер Тимур Мамедовлар ҳам маърузалар билан чиқиш қилишди.