Самарқанд шаҳрида яшовчи Д.Умарова аслида Лутфий кўчасида давом этаётган 72-уйнинг қурилиши оқибатида пайдо бўлаётган ноқулайликлар ҳақида таҳририятимизга хат йўллаганди. Аммо ўрганиш жараёнида бу ерда янада жиддийроқ муаммо турганига гувоҳ бўлдик.

Бу манзилда қурилаётган уй Д.Умарованинг ҳовлиси ёнгинасида қад кўтарган бўлиб, бу уйдаги хонадонларнинг 56та деразасидан ҳам Умарованинг ҳовлисини «томоша қилиш» мумкин.

Қурилиш жараёнида ишчилар нигоҳидан қочиб яшаш аллақачон Умарованинг сабрини тугатган. Ҳолбуки, ҳали бу хонадонларнинг барчасига эгалари кўчиб келишади. Умарованинг қатор ташкилотларга қилган мурожаатлари жавобсиз қолмаган, бироқ, натижа ҳам келтирмаган. Бир қатор жавоб хатларида фуқаро ҳақлиги, мазкур ҳолат «яхши эмас»лиги таъкидланган, холос. Умарованинг эса боши қотган.

Келинг, масалага соддароқ ёндашамиз. Уйингиз ёнгинасидан кўп қаватли бино қурилиб, сизга ноқулайлик келтиряпти. Сиз қурилиш назорат инспекциясига мурожаат қилдингиз. Инспекция эса ростдан ҳам тегишли меъёрлар бузилганини сизга расман маълум қилади. Бошқа ташкилотлар ҳам шу каби жавобларни беради. Хўш, энди нима қилишингиз керак? Ҳар ҳолда «инспекция айтди-ку», дея лом билан кетмонни олиб қўшни бинони бузишга тушмайсиз, тушолмайсиз...

Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига учрашиб тамоман янги тафсилотга дуч келдик. Умарова норозилик билдираётган бино — Самарқанд шаҳар, Лутфий кўчасидаги 72-уй ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган ҳудудда жойлашган бўлиб, ноқонуний қурилма ҳисобланаркан. Бу ҳақда бизга Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси мутахассислари ҳам маълум қилишди. Шундай бўлгани ҳолда Умарованинг шикоятини ўрганиб чиққан аксарият ташкилотлар бу ҳақда оғиз очишмаган.

Фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаати юзасидан эса шаҳар ҳокимлиги шундай мазмунда жавоб беради:

«...ўрганиш жараёнида Д.Умарованинг қўшниси томонидан қурилаётган уй-жойдан норозилиги сабаблари кўриб чиқилди ва ўзаро келишмовчиликлар келиб чиққани сабабли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат этиш тўғрисида тушунтириш берилди».

Қонун нуқтаи назардан бу жавоб хатида ҳеч қандай нотўғри ҳаракат йўқ. Аммо эътибор берсангиз, хатда низоли уйнинг на манзили, на унинг кўп қаватли уй экани кўрсатилган. Агар кўрсатилганида бу ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган тарихий ҳудудда қурилаётган кўп қаватли уй-жой экани ойдинлашар ва нега бу уй қурилиши тўхтатилмаётганига изоҳ беришга тўғри келиши мумкин эди. Шу сабабли ҳам «қўшнининг уй-жойи» деган баҳо осонроқдек.