Кейинги 10 йил ичида нечта Boeing 737 самолёти ҳалокатга учраган?
10 март куни Эфиопияда Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Аддис-Абебадан Найробига парвоз қилган Boeing 737 русумли йўловчи самолёти ҳавога кўтарилганидан олти дақиқа ўтгач қулаб тушди. Самолёт бортида 149 нафар йўловчи ва экипажнинг 8 аъзоси, жами 157 киши бўлган. Ҳалокатда ҳеч ким омон қолмади.
Маълумотларга қараганда, фойдаланишга топширилган 1967 йилдан буён 198 та Boeing 737 самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 4700дан ортиқ киши ҳалок бўлган (10 мартдаги авиаҳалокат ҳисобга олинмаган. Бундан ташқари, бу турдаги самолётлар 112 марта жиноятчилар томонидан эгаллаб олиниши натижасида 325 киши ҳалок бўлган. ТАСС-ДОСЬЕ 2008 йилдан буён Boeing 737 самолётлари ҳалокатга учраган ҳолатлар ҳақида маълумот берди.
2008 йил 24 августда Бишкекдан Теҳронга парвоз қилаётган Қирғизистоннинг Itek Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-200 йўловчи самолёти Манас аэропорти ҳудудида қулаб тушди. Самолёт бортида 83 йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат оқибатида 64 киши ҳалок бўлди. Воқеа юзасидан текширув олиб борган Давлатлараро авиация қўмитаси парвоз баландлиги устидан назоратни йўқотган экипажни айбдор деб топди.
2008 йил 30 августда Майкетиядан (Венесуэла) Латакунгага (Эквадор) парвоз қилаётган Венесуэланинг Conviasa авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-200 йўловчи самолёти Эквадорнинг Котопахи провинциясида Ильиниса вулқони қиялигига урилган. Ҳалокатга лайнернинг ҳаводаги ҳолатини нотўғри баҳолаган учувчиларнинг хатоси сабаб бўлган.
2008 йил 14 сентябрда Москва-Пермь йўналишида парвоз қилган Россиянинг "Аэрофлот-Норд" авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-505 йўловчи самолёти қўниш чоғида чапга оғиб кетиб ерга кескин урилган ва парчаланиб кетган. Ҳалокатда олти нафар экипаж аъзоси ва 82 йўловчи ҳалок бўлган. Ҳалокатга самолёт командирининг булутли об-ҳаво шароитида мўлжални нотўғри олганлиги сабаб бўлган.
2009 йил 25 февралда Истанбул-Амстердам йўналишида парвоз қилган Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-800 йўловчи самолёти Амстердамнинг Схипхол аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учради. Лайнер бортида 135 киши бўлган, улардан 9 нафари ҳалок бўлган, 86 нафари жароҳатланган. Ҳалокатга баландликни ўлчаш асбобидаги носозлик ва экипаж хатоси сабаб бўлган.
2009 йил 29 апрелда Банги (МАР)- Браззавиль (Конго Республикаси) - Хараре (Зимбабве) йўналишида учган Марказий Африка Республикасининг Bako Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-275 йўловчи самолёти Конго осмонида ҳалокатга учради. Самолётда бўлган икки нафар экипаж аъзоси ва беш инженер ҳалок бўлди. Самолёт Харареда режали таъмирдан чиқарилиши керак эди.
2010 йил 25 январда Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Байрут (Ливан) - Аддис-Абеба йўналишида парвоз қилган Boeing 737-800 йўловчи самолёти ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб Ўртаер денгизига қулаб тушган. Бортда бўлган 90 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Ҳалокатни ўрганган Ливан ҳукумати комиссияси фожиага етарлича дам олмаган учувчиларнинг хатоси сабаб бўлган деган хулосага келган. Ethiopian Airlines компанияси мазкур хулосага қўшилмаган, гувоҳларнинг таъкидлашларича, самолёт пастга қулашидан олдин унда портлаш содир бўлган.
2010 йил 22 майда Air India Express авиакомпаниясининг Дубайдан Мангалорга парвоз қилган Boeing 737-800 йўловчи самолёти аэропортга қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб ёниб кетган. Бортдаги 166 кишидан 158 нафари ҳалок бўлган. Ҳалокатга самолётни қўниш йўлагига ностандарт траекторияда қўндирган командирнинг хатоси сабаб бўлган.
2011 йил 20 августда Канаданинг First Air авиакомпаниясига қарашли, Йеллоунайф – Резольют йўналишида парвоз қилган Boeing 737-200 самолёти туманли об-ҳавода қўниш чоғида ҳалокатга учраган. Самолёт бортидаги 15 кишидан 12 нафари ҳалок бўлган. Фожиага экипаж хатоси сабаб бўлган.
2012 йил 20 апрелда Карочи-Исломобод рейси билан парвоз қилган Покистоннинг Bhoja Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-200 самолёти қўниш чоғида экипаж хатоси сабабли аэропорт яқинидаги бинога урилган ва ёниб кетган. Самолёт бортида бўлган 127 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
2013 йил 17 ноябрда Москва-Қозон йўналишида парвоз қилган "Татарстан" авиакомпаниясининг Boeing 737-500 самолёти қўниш чоғида қулаб тушиб парчаланиб ёниб кетган. Самолётдаги 50 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг ўғли Ирек Минниханов ва республика ФХХ раҳбари Александр Антонов бўлган. Экспертларнинг хулосасига кўра, фожиа экипаж аъзоларининг қатор хатолари сабаб юз берган.
2016 йил 19 мартда Дубайдан Ростов-Донга парвоз қилган БААнинг Flydubai авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-800 йўловчи самолёти қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагида ерга урилиб парчаланиб кетган. Самолёт бортидаги 62 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
2018 йил 17 апрелда АҚШнинг Southwest Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-3H4 самолёти Нью-Йоркдан Далласга парвоз қилаётганида двигателларидан бири ишдан чиққан. Иллюминаторлардан бири синиб кетиши оқибатида йўловчилардан бирини ҳаво самолёт ташқарисига тортиб кетган. Бошқа йўловчилар уни ушлаб қолишган. Самолёт Филадельфияга мажбурий қўнганидан сўнг жароҳатланган йўловчи касалхонага ётқизилган, аммо у вафот этган.
2018 йил 18 майда Кубанинг Cubana de Aviacion авиаташувчиси томонидан ижарага олинган Мексиканинг Global Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-201 йўловчи самолёти Гавана - Ольгин йўналишида парвоз қилиш учун Гавана аэропортида ҳавога кўтарилган чоғида қулаб тушган. Ҳалокат оқибатида 112 киши ҳаётдан кўз юмган.
2018 йил 28 сентябрда Понпеи (Микронезия)-Порт-Морсби (Папуа-Янги Гвинея) йўналишида парвоз қилган Air Niugini авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-800 йўловчи самолёти Чуук (Микронезия) аэропортида оралиқ қўнишни амалга ошириш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб океанга тушган. Самолёт бортида бўлган 47 кишидан 46 нафари қутқариб қолинган, бир киши ҳалок бўлган.
2018 йил 29 октябрда Жакарта-Панкалпинанг йўналишида парвоз қилаётган Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737 MAX 8 самолёти парвоздан 13 дақиқа ўтиб Ява денгизига қулаган. Самолёт бортидаги 189 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, ҳалокатга ҳужум бурчаги узаткичининг нотўғри созланиши натижасида борт компьютерига нотўғри маълумот узатилиши сабаб бўлган.
Мавзуга оид
14:59 / 09.11.2024
Шаҳарчани бутунлай вайрон қилган ҳалокат: Канадада Франция ҳарбий кемаси қандай портлаганди?
22:29 / 17.11.2023
Каттақўрғондаги ҳарбий полигонда Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради
15:28 / 29.08.2023
Америкалик ҳарбийларнинг ўйинқароқлиги туфайли содир бўлган ҳалокат: АҚШ учувчилари Италиядаги дор йўлини нега узиб юборганди?
15:19 / 07.05.2023