Жаҳон | 15:14 / 10.03.2019
9146
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ махсус хизматлари КХДРнинг Мадриддаги элчихонасига ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин

Фото: REUTERS

АҚШ махсус хизматлари 22 февраль куни КХДРнинг Мадриддаги элчихонасига ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин. Ҳужум натижасида дипломатик ваколатхона биносидан бир нечта компьютер ўғирлаб кетилган. El Confidencial газетасининг билдиришича, бу Испания полицияси ва Миллий разведка марказининг ҳужум борасидаги тахминларидан бири ҳисобланади.

Аввалроқ нашр бир гуруҳ шахслар КХДРнинг Мадриддаги элчихонасига ҳужум қилганини ва компьютерларни ўғирлаб кетганини хабар қилганди. Ҳужумда 10га яқин киши иштирок этган. Улар дипломатик ваколатхона ходимларини гаровга олишган ва бир неча соат ушлаб туришган. Полиция воқеа ҳақида у ердан қочишга муваффақ бўлган аёллардан биридан билган.

El Confidencial газетасининг ёзишича, ҳозирча воқеа борасидаги ҳеч бир тахмин рад этилмаяпти. Газета манбаларининг айтишларича, ҳужумни АҚШ махсус хизматлари режалаштиргани ҳақидаги тахмин кучаймоқда.  

Нашрнинг қайд этишича, яна бир тахминга кўра, ҳужум ортида КХДР хавфсизлик хизмати турибди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид