Жаҳон | 12:54 / 11.03.2019
9623
5 дақиқада ўқилади

«​Ренессанс Флоренцияси». Нега ишбилармонлар Кремний водийсини тарк этмоқда?

Фото: Shutterstock

​АҚШнинг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудуд «Силикон водийси» номи билан юқори технологиялар ишлаб чиқарувчиларини ўзига жалб этиб келди.

Силикон, тўғрироғи кремний кимёвий унсури яримўтказгич ва микросхемаларни тайёрлашда кўп ишлатилгани боис, журналист Дон Хефлернинг серияли мақолаларда «Кремний водийси» деб аталган Сан-Франциско, кейинчалик технологик ҳабнинг титул номига айланади

Ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи бўйича Нидерландия ва Швейцарияга тенглашган водий Apple, Alphabet ва Facebook каби йирик АТ компанияларига юрт бўлди.

АҚШдаги барча венчур инвестицияларининг 1/3 қисми ҳам айнан шу ҳудудда тўпланган, водий сармоядорлар учун энг жозибадор макон бўлиб кўринади. Бежиз уни Ренессанс Флоренцияси, деб аташмайди.

The Economist журнали таъкидлаганидек, Кремний водийси харитадаги шунчаки нуқта эмас, у, инновация ва ихтироликка синоним —​ ғоя. Катта тажрибага эга муҳандислар гуруҳи, венчур капитали, Беркли ва Стенфорд каби кучли университетлар, маданият ва гуллаб, яшнаётган тадбиркорлик водийни ўзига хос ҳудудга айлантирди. Ундан андоза олишга уринганлар кўп бўлган, аммо кўпчилик эплай олмаган.

Аммо Ренессанс даври ҳам кўпга чўзилмаганидек, водийда муаммолар пайдо бўлмоқда. Унда уй-жой инқирози туфайли яшаш қийинлашган. Ижарага хона олиб яшаш нархи космик даражада қимматлашган. Технологияларга алоқадор бўлмаган ё ишни энди бошламоқчи бўлган киши олдида иккита танлов турибди: арзонроқ уй-жой топиб кўчиб кетиш ё бор маблағини уйга сарфлаш керак. Хусусий уй сотиб олиш кўпчилик учун уддалаб бўлмас иш —​ 83 кв.м. майдонга эга хонадон 2,59 миллион долларга баҳоланади.

Кремний водийсини кўчириш мумкин эмас, деган ғоянинг ўзи амалда исботини йўқотмоқда. Масалан, 2017 йили Нью-Йорк 13 миллиард доллар қийматидаги стартапни жалб этган бўлса, Сан-Франциско 20 миллиард долларни тортиб олди. Тафовутдаги 7 миллиард доллар катта сумма бўлишига қарамай, Нью-Йорк 2015 йилдаги фарқни икки йил ичида икки марта қисқартиришга эришди.

Лондон молиявий-технология компаниялар маркази, Нью-Йорк эса техномарказ сифатида тан олиниши Калифорния шамоли дунёнинг бошқа томонларига эсиб борганини англатади. 

Techcrunch ​хабарига кўра, бир қанча стартапларга суянч бўлган Y Combinator​ жамғармаси Google жойлашган Манутин-Вьюдан Сан-Францискога кўчишини эълон қилган. Унгача 9 йил водийда фаолият олиб борган 500 Startups​ акселератори ҳам кўчишга улгурган.

Компанияларнинг Кремнийдан кўчиши 2012 йилда бошланди: Uber ва Benchmark жамғармаси Сан-Францискода ваколатхоналарини очганда, ҳаммаси аён бўлди. Улар ортидан Shasta Ventures, Norwest Venture Partners, Accel, General Catalyst эргашди. Инвестор Питер Тиль Лос-Анжелесни танлади, аммо унинг қарори сиёсий мотивлари туфайли қабул қилинганди. Негаки, у республикачилардан бири сифатида демократлар орасида ўзини ноқулай ҳис этди.

Питер Тиль
Фото: Wall Street Journal

«Кўчиб ўтиш» тренди ҳануз давом этмоқда: ​Khosla Ventures​ жамғармаси штаб-квартира учун шаҳардан жой излаётганини билдирган. 

Венчур фонд ва акселератор компанияларнинг кўчиб кетиши бир ҳақиқатни яққол кўрсатди: омадга эришиш учун Кремний водийсига боғланиб қолиш керак эмас.

Водийнинг бошқа муаммоси —​ стартаплар бошқа локацияларда ҳам иш бошлашга иштиёқманд. Facebook'да ўртача маош 240 минг доллар, Google ходимлари ўртача маоши эса 197 минг долларни ташкил этади. Катта бўлмаган лойиҳалар устида иш бошлаш учун компания муҳандис ва мутахассисларни жалб этишда молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.

The New York Times мақоласида баён қилинишича, худди шундай иқтидорга эга муҳандислар учун Кремнийдан ташқарида 50 минг доллар атрофида иш ҳақи берилади. Компания эса водийда қиммат ижара ва data-hosting харажатларини ҳам қоплаши керак.

Хулоса қилиб айтганда, Кремний атрофи ҳам технологиялар маркази сифатида ўсиб бормоқда, энг асосийси —​ унга рақобатбардош шаҳарлар ҳам водийни қувиб ўтишни истагида ривожланишни жадаллаштирмоқда. Бу эса компаниялар учун янги имконият, дегани.

Мавзуга оид