Ўзбекистонда яна бир вакцина жорий қилинди
Бугун, 12 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистонда папиллома вирусига қарши янги вакцинанинг татбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, улардан 190 минги ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратонидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15–44 ёш) орасида эса бачадон саратонидан ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда туради.
Ҳар йили Ўзбекистонда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши эмлаш эса аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш келгусида 1100та касалланиш ҳолати ва бачадон бўйни саратони касаллигидан юзага келадиган ўлим ҳолатининг олдини олишга ёрдам беради, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотларида.
Миллий эмлаш календари бўйича юртимизда болалар 12та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. ОПВга қарши вакцинанинг 13-эмлаш сифатида жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони хасталигининг олдини олишга хизмат қилади.
Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизга олиб келина бошлайди. Октябрь ойидан бошлаб эса 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади. 2020 йил апрелида улар иккинчи марта эмланади.
«2010 йилда мамлакатимизнинг бир неча вилоятларидан 8000 нафар қиз ушбу вакцина билан эмланди ва улар диққат билан кузатилди. Ҳозирда айримларининг оиласи ва фарзандлари бор. Ўтган даврда уларнинг репродуктив саломатлигида эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсир ёки асорати кузатилмади», – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова.
Жорий йилдан бошлаб ушбу вакцина миллий эмлаш календарига киритилади ва қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади. Натижада, Ўзбекистонда 2060-йилларга бориб аёлларнинг бачадон бўйни саратони билан касалланиш ҳолатларига барҳам берилади.
Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг «одам папилломаси эпидемияси ва бу касаллик асоратлари бўйича Ўзбекистон дунё миқиёсида қандай ўринда туради?» деган саволига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси масъул ходими Людмила Мусина шундай жавоб берди: «Бу инфекциянинг тарқалиши бўйича Ўзбекистондаги ҳолат бошқа давлатлардагин деярли фарқ қилмайди. Аммо папиллома туфайли келиб чиққан касалликлар ва хусусан ўлим ҳолатларининг озлиги бўйича Ўзбекистон ғарб давлатларига ета олмасада, дунё давлатлари рўйхатида ўрталикда туради, деб айтиш мумкин».
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024