«Бухорода янги авиакомпания». Расмийлар туризм бўйича янги маълумотларни тақдим этди
Kun.uz'да «Туризм полицияси мутлақо бошқача бўлиши керак эди». Бухородаги туризм муаммолари» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада ҳудуднинг соҳага оид айрим муаммолари кўрсатилиб, таклифлар берилганди. Ушбу мақола юзасидан Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таҳририятга мактуб йўллади.
Ҳақиқатан, бугунги кундаги ҳолатга кўра, ҳатто Тошкент шаҳри йўналишида ҳам авиақатновлар ва поездлар қатнови сайёҳлар ва йўловчилар талабини тўлиқ қондира олмайди, деб хабар берилади мактубда.
«Хорижий давлатлар, хусусан Туркия, Индонезия, Малайзия, Россия ва Европа мамлакатлари йўналишлари бўйича Бухорога тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурлиги борасида туристлардан кўплаб мурожаатлар тушмоқда.
Биргина мисол, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухорода ўтказилган I Халқаро зиёрат туризм форуми доирасида иштирок этган мартабали меҳмонлар, жумладан Малайзиянинг МАТТА, Индонезиянинг АSIТА туристик агентликлар уюшмалари, Сингапурнинг Grescent Rating компанияси ва кўплаб туристик ташкилотлар вакиллари томонидан Бухорога келиш истаги бўлган миллионлаб хорижлик сайёҳлар талабига кўра, қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш билан бирга, Истанбул, Куала-Лумпур, Жакарта шаҳарлари, Россия ва Европа давлатларининг қатор шаҳарларидан Бухоро аэропортига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш ҳақида таклифлар билдирилди», — дея маълумот беради Бухоро шаҳар расмийлари.
Таъкидланишича, бу масалада Бухоро вилояти делегациясининг 2018 йил август ойида Туркия, Бельгия ва Голландия давлатларига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Туркиянинг Onur Air, Pegasus Airlines ва Atlas Global Airlines каби авиакомпаниялари ҳамда Европадаги йирик Thomas Cook туристик агентлиги раҳбарлари билан дастлабки музокаралар ўтказилган.
«Туркиянинг Onur Air авиакомпанияси Бухоро халқаро аэропорти билан қўшма корхона ташкил этиб, ўз самолётлари билан ички ва хорижий йўналишларда парвозларни йўлга қўйиш истагини билдирган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ташкил этилган Silk-Jet МЧЖ шаклидаги янги авиакомпания ҳам Бухоро аэропорти негизида халқаро ва маҳаллий авиақатновларни амалга ошириш бўйича таклифларини билдирган», — дейилади ахборотда.
Маълум қилинишича, 2017 йил бошида Бухорода замонавий туристик автобуслар сони атиги 13 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда туристик компаниялар ва тадбиркорлар томонидан хориждан келтирилган 42та замонавий автобуслар ва 36та микроавтобуслар фаолият юритмоқда.
«Бироқ, Бухородан Хива, Шаҳрисабз, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига борувчи халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари ҳақиқатан таъмирталаб аҳволда эканлиги аянчли, албатта», — деб қўшимча қилинади.
Мақолада туризм полициячиларининг ўтмишдаги миршаб ва дарбонлар кийимида фаолият олиб бориши таклиф этилган ҳақида маълумот берилганди.
Бухоро расмийлари фикрича, шаҳарда хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари эмас, балки театр актёрлари ёки кўнгиллилар томонидан тарихий амирлик ва хонликлар давридаги эртакнамо миршаблар кийимида юриш амалиётини жорий қилиш кўпроқ самара беради.
«Чунки туристларга айнан тарихий давр воқеалари ва амирлар, беклар, қозилар, миршаблар, дарвешларнинг таниқли образларини тажрибали мутахассислар томонидан маҳоратли ижро этилиши катта қизиқиш уйғотади.
Туризм ривожланган давлатлар, жумладан Франция, Испания, Италия, Туркия, Хитой, Корея ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатларда бу тажриба миллионлаб туристлар олқишига сазовор бўлмоқда», — дейилади муносабатда.
Маълум қилинишича, Хавфсиз туризм бошқармаси ходимлари халқаро тажрибаларга кўра, замонавий кийимда, юқори технология ва коммуникациялар билан таъминланган ҳолда нафақат Бухоронинг тарихий қисмида, балки аэропорт, темир йўл вокзаллари, автостанциялар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа диққатга сазовор жойларда туристлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир хил сифатли хизмат қилишлари лозим.
Мақолада сўз юритилган Афанди образини жонли гавдалантириш таклифи бўйича қуйидагича муносабат билдирилган:
«Насриддин Афанди» образи Бухорода катта аҳамиятга эга. Шу боисдан, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳар йили 1 апрель – ҳазил мутойиба кунини нишонлаш, «Насриддин Афанди» фестивалини ўтказиш ёрқин бир анъанага айланди.
Унинг образини халқаро миқёсда чуқур ўрганиш ва уни янада оммалаштириш бўйича Бухоро давлат университетида фольклоршунос олима Дармоной Ўраева бошчилигида Ишчи гуруҳ тузилиб, «Насриддин Афанди ҳайкалининг таърифи», «Насриддин Афанди сувенирлари», «Хўжа Насриддин саргузаштлари», «Насриддин Афанди ҳангомалари, латифалари, аскиялари» каби мавзуларда тадбирлар ташкиллаштириш борасида амалий ишлар бошланган», — дейилади ахборотда.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидаги маданий мерос объектларида айни пайтда белгиланган тартибда ижара шартномаси асосида жами 573 нафар, «Арк» қўрғонидан «Лаби ҳовуз» мажмуасигача бўлган ҳудудда эса 300 нафардан ортиқ ҳунарманд фаолият юритади.
Бухоро шаҳрида бугунги кунда жами 292та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 105тасига туристлар ташриф буюради. Охирги икки йилда олиб борилган ишлар натижасида сайёҳлар ташриф буюриши мумкин бўлган тарихий объектлар сони 35тага кўпайди.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
15:04 / 03.11.2024