Жамият | 15:44 / 13.03.2019
8180
3 дақиқада ўқилади

Молия институти талабалари "Yoshlar – kelajagimiz" жамғармасига ишга кириши мумкин

Куни кеча Тошкент Молия институтида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Тошкент Молия институти билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.

Энди институт ёшларининг тадбиркорлик соҳасида амалий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун имкониятлар, шарт-шароитлар анча кенгаяди. Талабаларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришида ҳам Жамғарма ўз кўмагини аямайди.

Мазкур ҳамкорлик шартномаси ёшларнинг ишбилармонлик қобилиятларини ривожлантириб, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этади. Шунингдек, бизнес ташаббусларини рағбатлантириб, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришларида тиргак бўлади. 

Тадбирда бўлғуси иқтисодчиларга Ўзбекистон Республикаси президентининг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида” 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сон фармони ва унинг мазмун-моҳияти ҳамда   Давлат-хусусий шериклик шартларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.   

Тошкент Молия институти меморандум асосида “ Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури моҳиятини ёшлар орасида тарғиб қилишда билим ва кўникмаларга эга талабаларни саралаб, институт тарғибот гуруҳига тавсия этилган ёш олимлар ва талабалар рўйхатини шакллантириб боради. Бундан ташқари “Молия” “Лойиҳавий бошқарув”, “Менежмент”, “Банк иши”, “Бухгалтерия ҳисоби” соҳаларидаги мавзуларда бакалавр малакавий диплом иши, магистрлик ва докторлик диссертациясини ёқламоқчи бўлган, илмий-малакавий иши Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бўлган талабалар ва ёш олимларни Жамғармага тавсия қилади. Талабалар ихтиёрий равишда ёзги ва битирув амалиётларини Жамғармада ўтказишлари учун йўналтирилади.

Ҳаттоки тегишли билим ва кўникмаларга эга битирувчилар таълимдан сўнг Жамғармада фаолият юритишлари мумкин.

Келгусида икки томонлама қурилган мустаҳкам алоқалар институт талабаларининг ўз бизнесини ташкил қилишига шунингдек, ёшлар бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлашга хизмат қиладиган кичик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг турли шаклларини ривожланишига пойдевор бўлади.

Мавзуга оид