Жаҳон | 21:28 / 14.03.2019
11563
2 дақиқада ўқилади

Дубайда 1,3 миллион долларлик парфюм намойиш этилди

Фото: HESPIRITOFDUBAI.COM

Spirit of Dubai Parfums бренди ҳам аёллар, ҳам эркакларга тўғри келувчи янги Shumukh парфюмини намойиш қилди. 1,3 миллион долларлик (4,752 миллион дирҳамлик) парфюм дунёдаги энг қиммат атир  сифатида эътироф этилди. 

Муран шишасидан ишланган флакон 1,97 метр баландликдаги "шоҳсупа"га қўйилган, у 3,5 минг олмос, топаз, марварид, олтин ва кумуш билан безатилган. Парфюмнинг бежирим "либоси" Араб амирликлари тарихига бориб тақалади. Флаконда тилладан ишланган араб чавандозлари, атиргуллар ва лочин акс эттирилган. 

Shumukh муаллифи сифатида Nabeel Perfumes компаниясининг бош парфюмери Асгар Адам Али эътироф этилди. У Швейцария, Италия ва Франциядан ёрдамчи  мутахассисларни топган ҳамда улар ҳам ушбу "гулдаста"ни яратишга ҳисса қўшишган. Парфюмни яратишга уч йил сарфланган. 

Парфюмнинг ноёблиги шундаки, у ер шарининг энг узоқ бурчакларидан келтирилган табиий ингридиентлардан яратилган. Сандал дарахти, мускус, турк атиргули, пачули, иланг-иланг ва ладан шулар жумласидандир. 

Қимматбаҳо парфюм фақат бир флаконда мавжуд. Уни фақат Dubai Mall савдо марказидаги Fashion Avenue'да кўриш мумкин.