Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Корхона раддияси: Ходимга иш вақтида жароҳат етмаган
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бир ҳолат ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат низоси мавзуида. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат низолари тез-тез учраб турадиган ҳолат. Лекин бундай низолар камдан-кам ҳолларда ОАВда ёритилади.
Мурожаат юзасидан «Sizdan Telegram» каналида «ИШ ЖАРАЁНИДА ЖАРОҲАТЛАНДИМ, АММО AKFA GROUP ҚОНУНИЙ СУРИШТИРУВГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛМОҚДА» сарлавҳаси билан материал тарқатилди.Мақолага кўра, “Vortex line” МЧЖ ҳисобчиси Санжар Ғиёсов 2018 йил 8 июлда тунги сменадаги иш пайти кўзига алюминий қипиғи (стружка) кириб жароҳат олгани, ушбу ҳодиса Тошкент шаҳри Широқ кўчаси 100-уйда жойлашган алюмин профиллари ишлаб чиқарувчи заводда рўй берганлиги ҳақида ёзилган. Завод эса “AKFA Group” тасарруфида эканлигига шаъма қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Vortex line” МЧЖ вакили, ҳуқуқшунос Севара Улуғхўжаева ўз эътирозларини қуйидагича келтирди:

«Бу ходим бизда ҳақиқатда ишлаган. Ўша куни иш вақти тугаганидан сўнг, ишчи Ғиёсов ўз уйига соғ-саломат кетган. Буни камераларда ёзилган видеоёзувларда ҳам кўриш мумкин. Уйга боргач, 7 август соат 23ларда кўзидан қон оққан бўлган. Оналари тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Тез ёрдам келиб Ғиёсовни клиникага олиб кетишган. Эртасига тез ёрдамдагилар ички ишлар ходимларига мурожаат этган. У тез ёрдам ходимлари сўраганида, корхонада жароҳат олдим деб айтган.
“Vortex line” МЧЖ томонидан аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан 17.07.1997 йилда тасдиқланган 344- сонли буйруғининг саломатликка етказилган зарарнинг оғирлиги даражаси тўғрисидаги схемасига асосан Ғиёсов ётган шифохонага тиббий хулосани бериши тўғрисида хат билан мурожаат қилинган.

Шифохона бизга ўз хулосасини берди. Унга кўра, бемор кўзида алюминий қипиқлар аниқланмаган дейилган ҳамда Ғиёсов олган жароҳат енгил турдаги дея ҳисобланган.

Шифохона саломатликка етказилган зарарнинг оғирлиги даражаси тўғрисидаги схемасига асосан етказилган зарарнинг оғирлиги ишлаб чикаришдаги оғир тан жароҳатлари турига кирмайди, ва бемор кўзида алюминий қипиқлар аниқланмаган деб хулоса берган. Шунингдек, шифокорлар берган хулосага кўра Ғиёсовнинг кўзларида катаракта касаллиги мавжудлиги аниқланган.
Беморга етказилган зарарнинг оғирлиги ишлаб чиқаришдаги оғир тан жароҳатлари турига кирмаганлиги туфайли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида»ги Низомнинг мазкур ҳодисага тегишлилиги бўйича корхона томонидан ўрганиб чиқилиб, ушбу бахтсиз ҳодисага тегишли ҳужжатлар Меҳнат бошқармасига юборилган. Бундай турдаги жароҳатлар учун корхонанинг ўзида ички комиссия тузилиб, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва саломатликка бошқа хил зарар етказилиши тўғрисида Н-1 шаклидаги далолатномаси тузилади. Шу боис, биз айтиб ўтилган Вазирлар Маҳкамасининг қарорига риоя килган ҳолда комиссия туздик. Комиссия далолатномасига кўра, олинган жароҳат корхонада бўлмаганлиги аниқланган.

Шунга қарамай, Ғиёсовни даволаш мақсадида ҳусусий клиникага ҳам олиб бориб ташхисдан ўтказганмиз. Ташхисда ҳам унинг кўзида алюмин қипиқлар аниқланмаган деб хулоса берилган.
Бу даврда Ғиёсов томонидан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳисобхонага (бухгалтерия) тақдим қилинган ва ушбу варақалар асосида ҳисобхона томонидан Ғиёсовга тўловлар амалга оширилган. Бу бўйича ҳужжатларимиз ҳам етарли.
Шунга қарамай, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини ҳимоя килиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ғиёсов ушбу ҳолат юзасидан судга мурожаат этиши мумкин», дейди корхона юристи.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида корхона вакиллари тарафлар ўртасида учрашув ташкил этиш ташаббусини ҳам билдиришди. Агар Ғиёсов розилик берса, учрашув ҳам ташкил этилса ажаб эмас.