Жамият | 23:25 / 14.03.2019
116621
8 дақиқада ўқилади

Хоразмда ҳоким фермерларни ҳақорат қилиб, ўтирган стулини отди

Ижтимоий тармоқда Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев йиғилиш вақтида фермерларни ҳақорат қилиб, уларга ўтирган стулини отгани ҳақида хабар тарқалди.

Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Хабарда ёзилишча, туман ҳокими 11 март куни ҳокимлик залида ўтказилган мажлисда фермерларни ҳақорат қилган ва 22 ёшли фермер Дилшод Дўсметовга курсисини отган.

Воқеа тафсилотларига кўра, 12 нафар фермер зал саҳнасига чиқарилган ва Алишер Салаев томонидан ҳақорат қилинган, бир фермер эса калтакланган. Хабарда келтирилишича, туман ҳокими Алишер Салаев «Саху диёри» фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Дўсметовнинг ўрнига мажлисга келган 22 ёшли ўғли Дилшод Дўсметовга курсини отган, натижада курси унга келиб теккан ва синиб кетган.

Аудиони тинглаш (Tas-IX)

Kun.uz мухбири Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев билан учрашиб, бу воқеа юзасидан изоҳ олди. Саволларга жавоб бериш асносида ҳоким ўзи қилган ишларни яшириб ўтирмади, аммо воқеалар ривожи бошқача бўлганини айтди.

«Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ўктам Қўчқоров Янгибозор туманида семинар-мажлис ўтказди. Унда Янгибозор туманидан барча фермерлар қатнашган бўлса, Гурлан туманидан 57 фермер бормади. Гурлан тумани ҳокими сифатида бу ҳолатдан қаттиқ изза бўлдим. Мен ижро интизомига амал қиладиган, шунга ўрганган раҳбарман, қўл остимдагилардан ҳам шуни талаб қиламан.

Шундан сўнг, шу куни соат 11:00да тадбирга бормаган фермерларни чақириб, Гурлан тумани ҳокимлиги залида мажлис ўтказдим. Шу мажлисга ҳам 12 фермер кечикиб келди. Уларни саҳнада тургизиб қўйиб танбеҳ берганим рост. Жаҳлим чиққанидан ўзим ўтирган курсини уларнинг устига эмас, минбардан пастга отганман. Мана бу курсини кўринг (стулни кўрсатиб), бундай оғир курсини даст кўтариб, кимнингдир устига қарата отиб юбориш осонми? Бундан ташқари, бундай курси кимгадир бориб тегса, курсининг оёғи эмас, одамнинг бир жойи синиб кетадику?

Жаҳл устида қаттиқ гапирган бўлишим мумкин, «ҳаром» деган сўзни ишлатдим, аммо ҳеч кимнинг шахсиятига тегадиган сўзлар, уят гаплар билан ҳақорат қилмадим», - дейди Алишер Салаев.

Kun.uz мухбири «Саху диёри» фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Дўсметовдан бу воқеа юзасидан изоҳ олди. Ота ҳокимдан хафа эмаслигини билдирди.

«Интернетда тарқалган бу хабарни ўқиб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Бу жуда бўрттирилган хабар экан. Бундан ташқари, кимдир ўғлимни жабрланувчи қилиб кўрсатибди. Билмадим, балки фермерлар ичида ёши кичик бўлгани учун шундай қилишгандир.

Ўғлим Дилшод менинг ўрнимга мажлисларда қатнашиб юради. Янгибозор туманидаги тадбирга бормаган. Гурлан туманидаги йиғилишга эса кечикиб борган. Шундан сўнг, ҳоким кечикиб борганлар қатори ўғлимни ҳам ўртага чиқариб, танбеҳ берган. Менимча, иш юзасидан раҳбар ва ходим ўртасида бўладиган гаплар. «Курсини ўғлимнинг устига отди, курси синиб кетди», деб ёзишибди. Ундай бўлмаган. Ўтирган курсисини саҳнадан пастга отган, қарсиллаб полга тушган, буни овозидан ҳам сезиш мумкин. Афсуски, бу воқеа жуда бўрттирилибди.

13 март куни вилоят прокуратураси ўғлимни чақирди, текширув ўтказишаётган экан. Мен ҳам бирга бордим. Бўлиб ўтган воқеа тўғрисида сўрашди, шу гапларни уларга ҳам айтиб берди. Ҳеч ким бизга дўқ урмади, босим ҳам ўтказилмади. Тўғриси, бу воқеа жуда ҳам бўрттирилишидан ўзимиз ҳам таажжубдамиз», - дейди Шуҳрат Дўсметов.

Айни пайтда бош прокуратура воқеа юзасидан текширувларни давом эттирмоқда.

Маълумот учун, Алишер Салаев 2018 йилнинг декабрида, президентнинг Хоразм вилоятига ташрифидан кейин Гурлан туманини 2012 йилдан буён бошқариб келган Қаҳрамон Мадраҳимов ўрнига туманнинг янги ҳокими этиб тайинланганди. У муқаддам Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ҳоким томонидан муштумзўрлик қилиниши янгилик эмас. Бунгача ҳам бир неча марта зўравон ҳокимлар ҳақида ОАВга маълум бўлганди.

Дилшод Раҳматуллаев

Бундай воқеалардан энг шов-шувлиси 2017 йилнинг кузида рўй берган, Андижон шаҳри ҳокими Дилшод Раҳматуллаев мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлаб, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани интернетга «чиқиб кетган»ди.

Кейинроқ прокуратура томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган, у суд қарори билан МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жаримага тортилганди. 2018 йилнинг баҳорида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокидаги йиғилишда ушбу ҳолат эсга олиниб, Раҳматуллаев охирги марта огоҳлантириш олганди.

 

2017 йилнинг августида Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев йиғилиш вақтида ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини калтаклаганди. Воқеа тасвирланган видео ижтимоий тармоқда тарқалиб кетгач, ҳоким узр сўраганди. Аммо зўравон ҳокимга нисбатан иш очилган, 2017 йилнинг декабрида унинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиш ва 183-моддаси назарда тутилган майда безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлгани сабабли, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилганди. Ҳоким кейинчалик жарима тўлади ва 2018 йилнинг январида ишдан олинди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Шу йилнинг январида эса Бухоро вилояти, Олот тумани ҳокими Шавкат Саломов фермерлардан бирини дўппослаган, фермерга тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келганди. Кейинроқ вилоят ҳокими Ўктам Барноев ҳоким ва фермерни яраштириб қўйган, Шерали Саломов фермердан узр сўраган, фермер унинг узрини қабул қилганди. Муштумзўр ҳокимга чора кўрилмаганди.

Хоразмдаги воқеа юқоридаги мисоллардан Бухородагисига яқинроқ. Бухородаги воқеада ҳам жабрланувчи томон даъвоси йўқлигини билдирган. Натижада, ситамгар жазоланмай қолган.

Назарий жиҳатдан Гурлан тумани ҳокимининг ҳаракатларига қарши ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддасига биноан, ҳақорат қилгани, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситгани учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган.

Шунингдек, ҳокимнинг ҳаракатлари жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши ҳам мумкин. Жумладан, ҳодисанинг ҳолатларидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ёки 206-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») билан жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳокимга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолари тайинланиши ҳам мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар асосида жиноят ишини қўзғатиши мумкин. Бунинг учун жабрланувчининг аризаси талаб этилмайди.

Лекин кўп эҳтимолки, Хоразмдаги воқеа ҳам Бухородагиси каби натижасиз якунланади ва иш «босди-босди» бўлиб, ҳоким сувдан қуруқ чиқади.

Мавзуга оид