Ўзбекистон | 00:31 / 16.03.2019
10045
2 дақиқада ўқилади

Андижонда профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари пул мукофотлари билан тақдирландилар

Андижонда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарган, ўзига бириктирилган ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни пасайишига эришиб, намунали хизмат қилган профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари ёрдамчиларини ҳамда жамоатчилик вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, профилактика инспекторларини ижобий натижаларига эришишларида, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик муҳим омил бўлмоқда.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, вилоятда жиноятчилик ўтган 2018 йил якунларига кўра 22 фоизга, жорий йилнинг январь- февраль ойлари якунида эса 39 фоизга камайишига эришилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўз ҳудудларида жиноятни жиловлашда жонбозлик кўрсатган профилактика инспекторлари, фаол бўлган жамоатчилик вакилларига олиб бораётган ишларида зафарлар тилади.

“Мана шундай рағбатлантириш тадбирлари 6 ойлик якунларда ҳам давом этиши, жиноят содир этилиши мунтазам давом этаётган ҳудудлар мутасаддиларига эса интизомий чора кўришлар жиноятни олдини олиш, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликка қарши муҳитни шаклланишига омил бўлади”, дейди Андижон вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Мирзоҳиджон Мамиржонов.

Тадбир давомида юқори натижаларга эришган 191 нафар профилактика инспекторлари 46 нафар маҳалла фаоллари пул мукофоти билан тақдирланди.

Элмурод Эрматов,
Андижон

Мавзуга оид