Жамият | 21:53 / 18.03.2019
31883
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида

Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га ўзгартиришлар киритилди.

Буйруққа мувофиқ:

2.10-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Мазкур маълумотларни ёзган шахснинг имзоси корхона муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.”.

2.11-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Ўзгартирилган ёзувлар меҳнат дафтарчасининг биринчи бетига киритилади. Илгариги фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган куни тўғрисидаги ёзув устидан бир чизиқ чизилиб, янги маълумотлар ёзиб қўйилади. Ёзувлар муқованинг ичкари бетига ёзилиб корхона раҳбарининг ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахс имзоси ҳамда корхона ёки ходимлар бўлими муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.”.

3.1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Ходим билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимнинг мазкур ташкилотда ишлаган даврида меҳнат дафтарчасига киритилган иши тўғрисидаги маълумот (ёзув)лар корхона раҳбари ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахснинг имзоси ва корхона ёки ходимлар бўлимининг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.”.

6.1-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Меҳнат дафтарчаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш ҳамда уларни ҳисоботини олиб бориш китобларининг саҳифаларида сон рақамлари қўйилган бўлиши ҳамда улар ип билан тикилиб, иш берувчи раҳбари имзоси ва сурғучли муҳр билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) мустаҳкамланган бўлиши шарт.”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 майдаги фармонига мувофиқ, мамлакатда ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг «электрон меҳнат дафтари» тизими жорий этилиши муносабати билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилиши белгиланганди. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Ўзбекистонда “электрон меҳнат дафтари” тизими бироз кейин ишга тушишини билдирганди.

Мавзуга оид