Жамият | 23:17 / 19.03.2019
7312
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Корея форуми: Электрон ҳукуматни ривожлантиришдаги асосий йўналишлар ва муаммолар

19 март куни Ўзбекистон-Корея форумида икки мамлакат вакиллари ўртасида имзоланган меморандумнинг асосий йўналишлари, мавжуд ва режадаги ахборот тизимлари, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳасини амалга ошириш йўлидаги муаммолар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Kun.uz мухбири Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК директори Руслан Султоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мазкур лойиҳани амалга оширишда Корея Республикаси тажрибасига таянади.

"Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма тадқиқотлар, корпоратив ҳамкорликни олиб бориш ва Ўзбекистонда Маълумотлар марказини ташкил этишда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олган Англашув меморандуми имзоланди", - деди у ва меморандумнинг асосий йўналишларини қайд этди.

Меморандумнинг асосий йўналишлари

1. Корея Республикаси тажрибаси асосида маълумотларни қайта ишлаш давлат марказини ташкил қилиш;

2. Корея билан ҳамкорликда Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик марказини яратиш;

3. Электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида турли соҳалардаги маслаҳатчилар, мутахассисларни жалб қилиш;

4. Электрон ҳукумат бўйича билимлар даражасини ошириш мақсадида кореялик ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашинуви;

5. Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги шартлари асосида хусусий секторнинг ролини кучайтириш ва лойиҳаларни амалга ошириш.

"Корея Республикаси давлат раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ушбу масалаларни раҳбарият даражасига кўтариш ва бу йўналишларни амалга ошириш учун амалий асосни йўлга қўйиш режалаштирилган", - дейди Руслан Султонов.

Фото: Руслан Султонов

Ахборот тизимлари

Руслан Султоновнинг сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистонда қатор ахборот тизимлари фаолият юритаётган бўлиб, улар турли давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

·      Ягона интерактив давлат хизматлари портали. 2013 йилда ишга туширилган, бугунга келиб 140 дан ортиқ давлат хизматлари йўлга қўйилган;

·      Бизнесни рўйхатдан ўтказиш тизими. Тизим 2017 йилда ишга туширилган. Бугунга келиб 325 индивидуал корхона ва 128 юридик шахс ушбу тизим орқали рўйхатдан ўтган;

·      Очиқ маълумотлар портали. 2015 йилда ишга туширилган. Унинг асосий вазифаси - таҳлил қилиш ва давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида турли маълумотларни тўплаш;

·      Ягона давлат хизматлари биллинги;

·      Идоралараро интеграцион платформа;

·      Жисмоний ва юридик шахслар маълумотлар базаси;

·      Ягона идентификациялар тизими.

Юқорида санаб ўтилган тизимлар электрон ҳукуматни ривожлантириш учун ядро вазифасини ўтайди.

Электрон ҳукумат архитектураси

Бугунга келиб 12 ахборот тизимидан атиги 7 таси ишлайди. Шу билан бирга, қуйидаги тизимлар ишлаб чиқариш босқичида:

·      нафақа;

·      соғлиқни сақлаш;

·      таълим;

·      адлия 2;

·      давлат бошқаруви.

Электрон ҳукуматни татбиқ қилишдаги асосий муаммолар

Ўзбекистонда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни йўлга қўйишдаги асосий муаммолардан бири норматив-ҳуқуқий база. Ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ва интеграциялаш бўйича ягона технологик ёндашувнинг йўқлиги ҳам тўсиқлардан бири ҳисобланади. Инфратузилмалар бўйича электрон ҳукумат тизимлари инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, бу эса давлат хизматларини кўрсатиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйишда замонавий АКТ-технологиялари кенг қўлланилишини таъминлашга таъсир кўрсатади. Ахборот ресурслари интеграциясининг талабга жавоб берадиган даражада эмаслиги ҳам сезиларли муаммолардандир.

Мазкур муаммоларни ҳал қилиш ва кўзланган мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 10 январдаги фармонига мувофиқ, Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш марказининг асосий вазифалари

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилар: дастурни амалга ошириш бўйича ягона ёндашув механизмининг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертиза давомида лойиҳавий-техник ва норматив ҳужжатларни мувофиқлаштириш, ишланмалар ҳолати бўйича тизимли мониторинг ўтказиш, лойиҳаларни амалга ошириш, давлат идоралари фаолиятига АКТни татбиқ қилиш самарадорлиги бўйича рейтинг баҳоларни шакллантириш, электрон ҳукуматни самарали татбиқ қилиш ва фаолият юритиш учун таҳлил ўтказиш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга оид таклифларни тайёрлаш.

Мавзуга оид