22:45 / 20.03.2019
8155

Еврокомиссия Google’га 1,5 млрд евролик жарима солди

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Еврокомиссия Google’ни Европа Иттифоқининг антимонопол қоидаларини бузгани учун 1,49 млрд евролик жаримага тортди. 

Еврокомиссия Google бозордаги етакчилигини суиистеъмол қилган деган хулосага келган: бошқа сайтлар билан шартномаларда рақобатчиларига бу сайтларда қидирув эълонларини жойлаштиришга имкон бермаган чекловларни ўрнатган.

“Ноҳалол хатти-ҳаракат 10 йилдан кўпроқ давом этган ва бошқа компанияларни рақобатчилик қилиш ва инновацияларни татбиқ қилиш имкониятларидан, истеъмолчиларни эса рақобатчилик устунликларидан маҳрум қилган”, деб айтган рақобатчилик масалалари бўйича еврокомиссар Маргарет Вестагер.

Бу жарима Еврокомиссия АҚШ компаниясига солаётган учинчи жаримадир. 2018 йил июлида компания 4,34 млрд долларлик, 2017 йилда эса 2,42 млрд долларлик жарималарга тортилган. 

Google ўз қидирув тизими билан бирга Alphabet холдинг компанияси таркибига киради. Alphabet Inc.’нинг 2018 йил якунларига кўра соф даромади 2,4 марта ошиб, 30,736 млрд долларгача етган. Йиллик тушуми эса 23,4 фоизга ошиб, 137 млрд долларни ташкил қилган.  

Top