23:14 / 21.03.2019
15425

Жимми Картер АҚШ президентлари ўртасида узоқ умр кўриш бўйича рекордчига айланди

Фото: Eddie Mullholland-WPA Pool/Getty Images

1977-1981 йиллар давомида АҚШ президенти лавозимини эгаллаган Жимми Картер АҚШ президентлари ўртасида узоқ умр кўриш бўйича рекордчига айланди. 21 март куни у 94 ёш 172 кунга тўлди.

The Atlanta Journal-Constitution нашрининг ёзишича, аввалги рекорд АҚШнинг 41-президенти Жорж Бушга тегишли бўлган. У 2018 йил 30 ноябрда ёши 94 йил 171 кун бўлганда вафот этганди.   

Картер АҚШ президентлари ўртасида президент лавозимидан кетгандан кейин энг узоқ яшаш (38 йил 3 ой) бўйича ҳам рекордни янгилади. У АҚШнинг 39-президенти этиб сайланганда 52 ёшда бўлган.   

АҚШ президентларидан яна беш нафаригина 90 йилдан кўпроқ умр кўрган, улар: Жон Адамс, Герберт Гувер, Рональд Рейган, Жеральд Форд ва Катта Жорж Буш. Рейган ва Форд 93 ёшда вафот этган.

Ҳозирда Картердан ташқари яна 3 собиқ президент ҳаёт: 72 ёшли Билл Клинтон (1993-2001), 72 ёшли Кичик Жорж Буш (2001-2009) ва 57 ёшли Барак Обама (2009-2017).

Картер 1924 йил 1 октябрда Плейнс шаҳрида таваллуд топган. У АҚШ президенти лавозимини 1977 йилда эгаллаган, 1980 йил ноябрда эса Рональд Рейганга сайловларда ютқазиб қўйган.

Картер Оқ уйни 1981 йил 20 январда тарк этгач, Атлантадаги Эмори университетида ўқитувчилик қилган ҳамда Картер маркази ноҳукумат ташкилотига асос солган. 

Картерга 2002 йилда тинчлик учун Нобель мукофоти топширилган. У бу мукофотга халқаро ихтилофларнинг тинч ечимларини топиш ва демократияни илгари суришдаги саъй-ҳаракатларга қўшган улкан ҳиссаси учун лойиқ топилган.

Top