2024 йил 29 декабр куни АҚШнинг собиқ президенти, мамлакатни 1977 йил 20 январдан 1981 йил 20 январгача бошқарган Жимми Картер 100 ёшида вафот этди.

Жимми Картер Демократик партия вакили эди ва у АҚШ президенти этиб сайланганида 53 ёшда бўлган. 1976 йилда ўтказиладиган сайловда Жимми президентлик учун номзодини қўйган вақтда уни Жоржия штатидан бошқа жойда ҳеч ким танимасди.

Шунга қарамасдан у аввалига партия ичидаги рақобатда ютиб чиқади ва Демократик партия томонидан асосий номзод сифатида майдонга чиқади.

Сўнг 1976 йил 2 ноябр куни ўтказилган президентлик сайловида ўзидан анча машҳур бўлган амалдаги президент Республикачилар вакили Жералд Фордни енгиб, АҚШнинг 39-президентига айланади.

Омадли шахс

Жимми Картер 1924 йилда туғилган. Унинг отаси фермер, онаси эса ҳамшира бўлган. Картер ўқувчилик йилларида мактабда баскетбол билан жиддий шуғулланган. Бироқ у ҳарбий бўлишни орзу қиларди.

1942 йилда у Жоржия технология университетига ўқишга киради. Ўқиш даврида захирадаги зобитлар курсини ҳам ўтайди. 1943 йилда Жимми ҳарбий-денгиз академиясига йўлланма олади ва ўқишни ўша ёқда давом эттиради.

1946 йилда Жимми синглисининг дугонасига уйланади. Ўша йили академияни битириб, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари сафида хизмат қила бошлайди.

1953 йилда у ҳарбий хизматдан бўшаб, бир муддат отасининг хўжалигида фермерлик қилади. 1954 йилда АҚШда ирқчиликка қарши курашувчилар сафига ўтади ва сиёсат билан ҳам шуғуллана бошлайди.

1963 йилда 39 ёшли Картер Жоржия штати сенатори бўлиб сайланади. 1966 йилда у Жоржия штати губернаторлиги учун номзодини қўяди, бироқ ютқазади.

1970 йилда у Демократик партия вакили сифатида штат губернаторлиги учун яна номзодини қўяди ва бу сафар ғалаба қозонади.

У 1971 йил 12 январ кунидан Жоржия штатини бошқарар экан, бир қатор муҳим ислоҳотлар ўтказади. Жумладан, губернаторнинг бир қатор ваколатларини кенгайтиради. 1972 йилда штатда ўлим жазосини қайта тиклайди. Кейинчалик у бу ишидан афсусланган.

Жоржия штати қонунларига кўра бир шахс икки муддат губернаторлик қилиши мумкин эмасди. Шу сабабли Картер 1974 йилда ўтказилган сайловда ўз номзодини қўймайди. Бироқ ўша йили 1976 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини илгари суришини эълон қилади.