Спорт | 15:28 / 22.03.2019
20694
2 дақиқада ўқилади

Англия терма жамоаси собиқ футболчиси қамоқдан чиқди. Унга озодликда ғайриоддий шарт қўйилган

Фото: Getty Images

Англия терма жамоаси ҳамда «Манчестер Сити» клубининг собиқ футболчиси Адам Жонсон озодликка чиқарилди. У 2015 йилда вояга етмаган қизнинг бошини айлантиргани учун 6 йилга қамалган ва кейинроқ жазо муддати 3 йилга қисқартирилганди.

22 мартга ўтар кечаси Адамнинг отасига тегишли бўлган қора фургон қамоқхонадан чиқаётганда пайқалган. Маълум бўлишича, Жонсон озодликка чиқарилган. Футболчи ўзига белгиланган қамоқ жазосини тўлиқ ўтади.

Жонсон озодликка чиққач, унга ғайриоддий шарт қўйилган. Футболчи энди ўзининг вояга етмаган қизини ёлғиз кўра олмайди. У қизи билан кўришганда албатта олдида яна кимдир бўлиши керак. Жонсон 2015 йилда 15 ёшли вояга етмаган қизнинг бошини айлантирганликда гумонланиб, қўлга олинган ва айби исботланганди. Ўша вақтда Жонсон «Сандерленд»да ўйнарди.

Фаолияти давомида «Мидлсбро», «Лидс», «Уотфорд», «Манчестер Сити» каби жамоаларда ҳам ўйнаган Жонсон «Шаҳарликлар» сафида Англия чемпиони бўлган ва мамлакат кубогини қўлга киритган. 31 ёшли футболчи Англия терма жамоаси сафида ҳам 12 та ўйинда қатнашиб улгурган.

Мавзуга оид