Жаҳон | 00:44 / 23.03.2019
26153
1 дақиқада ўқилади

Трамп тарихда биринчи марта ҳукумат киритган санкцияларни бекор қилди 

Фото Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп 21 март куни АҚШ молия вазирлигининг Шимолий Кореяга қарши киритган янги санкцияларини бекор қилди. “Бугун АҚШ молия вазирлиги катта кўламли санкциялар Шимолий Кореяга қарши киритилган мавжуд санкцияларга қўшилишини эълон қилган. Мен шу бугуноқ ушбу янги санкцияларни ортга қайтаришни топширдим”, деб маълум қилган Трамп твиттерда. 

Аввалроқ 21 март куни АҚШ Шимолий Кореяга ёрдам берган Хитойнинг иккита кемачилик компаниясига қарши санкциялар киритганди.   

Трампнинг матбуот котиби Сара Сандерс АҚШ президентининг кутилмаган қарорига изоҳ бериб, Трампга “раис Ким [Ким Чен Ин] ёқиши ва у бу санкцияларни зарур деб ҳисобламаслигини” айтган.

“Шуниси аниқки, тарихда биринчи марта АҚШ президенти унинг маъмурияти киритган санкцияларни бир томонлама бекор қилди”, деб ёзган твиттерда санкциялар бўйича мутахассис Дуг Жейкобсон.

Мавзуга оид