Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ким Чен Ин қизини ворис сифатида танлаб бўлган – Жанубий Корея разведкаси
Жанубий Корея разведкаси депутатларга ўз кузатувлари бўйича маълумот берган. Ёпиқ брифингда ўсмир ёшдаги Ким Жу Э тобора кўпроқ рамзий ва сиёсий ролни эгаллаб бораётгани, бу эса ворисликка тайёргарлик жараёнига мос келиши таъкидланган.
Фото: KCNA via REUTERS
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи Ким Жу Эни ўз вориси қилиш ниятида қатъий ва унинг элита орасидаги мавқейини мустаҳкамлаш учун муайян қадамларни қўймоқда. Бу ҳақда пайшанба куни Жанубий Корея разведкаси вакиллари парламент депутатларига маълум қилди.
Жанубий Корея миллий разведка хизмати (NIS) икки йил олдин ҳам Ким Чен Ин қизини ўзига ўринбосар сифатида тарбиялаётганини тахмин қилганди, аммо энди, депутатлар журналистларга айтишича, у ворисни тарбиялаш босқичидан ворисни тайинлаш босқичига ўтган.
«Ким Жу Э турли тадбирларда иштирок этгани сабабли [...] ва у баъзи давлат масалалари бўйича фикрини билдиргани белгилари қайд этилгани туфайли, NIS уни ворис этиб тайинлаш босқичи бошланган деб ҳисоблайди», – деган журналистларга разведка вакиллари билан ёпиқ учрашувдан кейин депутат Ли Сон Квон.
Депутатларнинг сўзларига кўра, разведка хизмати энди Жу Э Корея меҳнат партиясининг феврал ойи охирида ўтказиладиган қурултойига келиш-келмаслигини, агар келадиган бўлса, қандай мақомда иштирок этишини кузатмоқчи.
Партия қурултойи – Шимолий Кореядаги асосий сиёсий воқеа. Қурултойлар ҳар беш йилда бир марта ўтказилади ва унда раҳбарият яқин йилларга мўлжалланган режаларни, жумладан, ташқи сиёсат, ҳарбий соҳа ва ядро дастурини эълон қилади.
Жу Э – Ким Чен Ин ва унинг рафиқаси Ли Сол Жунинг жамоатчиликка маълум бўлган ягона расмий фарзандидир.
Жанубий Корея разведкаси ҳисоблашича, Кимлар оиласида ундан ёши катта бўлган ўғил фарзанд ҳам бор, аммо бу ҳақда давлат раҳбарининг ўзи ҳам, Шимолий Кореядаги давлат нашрлари ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган.
Жу Э борлиги ҳақида ҳам дунё аҳли кутилмаган манбадан хабар топганди: 2013 йилда давлат раҳбари таклифи билан ушбу мамлакатга келган америкалик баскетболчи Деннис Родман Британиянинг Guardian газетасига берган интервюсида «митти қизалоқ Жу Эни қўлда кўтариб кўргани» ҳақида айтганди.
Ҳозирда Жу Э 13 ёшда экани тахмин қилинади. У отасининг фаолияти ҳақидаги телевизион ҳисоботларда илк марта 2022 йилда кўриниш берган – ўша лавҳада Ким Чен Ин ўсмир қизини ёнига олиб, янги қитъалараро баллистик ракетани кўздан кечиришга боргани кўрсатилганди.
Шундан кейин давлат телевидениеси уни тез-тез намойиш эта бошлади. 2025 йил сентябрида у отаси билан биргаликда Хитой тарихидаги энг катта ҳарбий парадни кузатиш учун Пекинга борганди: камералар у Ким Чен Ин билан бирга Пекиндаги вокзалда зирҳланган поезддан чиқаётганини тасвирга олган.
Жу Э кўпинча кадрларда узун сочлари ёйилган ҳолда (бу эса унинг оддий тенгдошлари учун тақиқланган) ва Шимолий Кореядаги аксар аҳоли кия олмайдиган қимматбаҳо дизайнерлик либосларида пайдо бўлади.
Жанубий Корея парламенти депутати Пак Сон Вон разведка вакиллари билан учрашувдан кейин журналистларга айтишича, разведкадагилар Жу Энинг омма қаршисида пайдо бўлиш хусусияти – унинг аллақачон қарор қабул қилишда иштирок этаётгани ҳамда унга давлатдаги ҳақиқий иккинчи шахс сифатида муносабатда бўлинаётганини кўрсатишини маълум қилишган.
Охирги кадрларда у отасидан баландроқ қилиб кўрсатилган, шунингдек, Ким Чен Иннинг ортида эмас, балки унинг ёнида юради.
Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг Ким сулоласидан бобоси Ким Ир Сен ва отаси Ким Чен Ирдан кейин учинчи ҳукмдоридир. Ким Жу Э тўртинчиси бўлиши мумкин.
Фото: EPA
BBC’нинг Сеулдаги мухбири Жейк Квонг Жу Э ҳақида маълумот жуда камлиги ва унинг омма кўз ўнгида юксалиши баъзи саволларни туғдиришини таъкидлайди.
Биринчидан, Шимолий Корея жамиятининг чуқур патриархаллиги ҳисобга олинса, нима учун Ким Чен Ин меросхўрликка тўнғич ўғлини эмас, қизининг номзодини илгари сураётгани унчалик тушунарли эмас. Шимолий Кореядан қочиб келган кўплаб қочоқлар ва таҳлилчилар Шимолий Корея тахтини аёл киши эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни умуман рад этишган.
Шу билан бирга, Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Жонг мисоли шуни кўрсатадики, ҳукмрон сулола вакили бўлган аёл барибир иерархияда муҳим ўрин эгаллаши мумкин.
Ким Ё Жонг ҳозирда Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасида юқори лавозимда ишлайди ва таҳлилчилар таъкидлашича, акаси кўп масалаларда унга қулоқ тутади.
Иккинчидан, Ким Чен Ин ҳали ёш – расмий маълумотларга кўра, у 44 ёшда – ва кўринишидан нисбатан соғлом, шунинг учун у нега ҳозирнинг ўзидаёқ 13 ёшли қизини меросхўрликка таклиф қилаётгани унчалик тушунарли эмас.
Мавзуга оид
14:43 / 30.01.2026
Ким Чен Ин КХДРни “ўзгартириш”га ваъда берди
11:34 / 29.12.2025
КХДР Сариқ денгиз йўналишида икки қанотли ракета синовини ўтказди
21:21 / 26.12.2025
Сеул ва Вашингтонга жавоб: Кимнинг «орзу рўйхати»даги яна бир қурол деярли тайёр
20:02 / 05.11.2025