Ўзбекистон | 21:38 / 25.03.2019
3000
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ядровий инфратузилмани ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашда «Assystem» билан ҳамкорлик қилади

«Ўзатом» агентлигида атом энергетикаси бўйича дунёнинг энг йирик уч компаниясидан бири ҳисобланган Франциянинг «Assystem» компанияси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири агентлик матбуот хизматидан олинган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди. 

Атом энергетикаси каби йўналишнинг йўлга қўйилиши ортидан нафақат энергетика, балки бошқа соҳалар ҳам ривожланади. Кадрларни тайёрлаш, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва қурилиш соҳаларидаги имкониятлари ўсиши шулар жумласидандир. Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, мазкур соҳанинг ривожи кўп соҳалар ривожи учун туртки беради. 

Франция компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Фредерик Женуанинг таъкидлашича, «Assystem» Ўзбекистон келажаги учун хавфсиз ва ишончли углеродсиз энергия етказиб берилишини таъминлашда ядровий энергетика зарурлигига оид ташаббусни қўллайди. Хусусан, компания мутахассислари билан келгусидаги ҳамкорлик учун салоҳиятли соҳалар, жумладан, Ўзбекистоннинг атом энергетикаси бўйича кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, Тошкент шаҳрида мазкур соҳа мутахассислари учун семинар ташкил қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, учрашув давомида «Assystem» компанияси билан қўшма инжиниринг корхонасини яратишга доир имкониятлар кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ядровий инфратузилмасини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилишга доир келишувга эришилди. 

Таъкидлаш жоизки, «Assystem» компанияси атом энергетикаси бўйича энг йирик халқаро компаниялар учлигига киради, компания мураккаб ва қатъий бошқарувга эга йўналишларда 50 йилдан ортиқ тажрибага эга. «Assystem» бугунга келиб жаҳон ядро соҳасининг етакчи консалтинг ва муҳандислик компанияларидан бири сифатидан тан олинган. Компания салоҳияти «Assystem»га атом саноатининг ҳар қандай технология етказиб берувчиси билан ишлаш имконини беради. Япония, БАА, Россия, Корея Республикаси, Ҳиндистон каби давлатлар компаниялари шулар жумласидандир. 

«Assystem» бутун дунё бўйлаб 2800 нафар ходимга эга бўлиб, улар Франция, Буюк Британия, Туркия, Финляндия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка каби қатор мамлакатларда ядровий энергетикани фаол ривожлантириш йўлида хизмат қилмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид