Спорт | 19:00 / 26.03.2019
32154
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси Осиё чемпионати финал босқичига чиқди

Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси Тошкентда ўтган Осиё чемпионати U-23 саралашининг «F» гуруҳи мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритиб, келаси йил Таиландда ўтадиган қитъа биринчилигига йўлланмани қўлга киритди.

Любинко Друлович қўл остидаги жамоа «Пахтакор» стадионида Усмон Тошев мураббийлигидаги Тожикистон олимпиячиларига қарши майдонга тушиб, голсиз дурангга рози бўлди. Натижада жамоаларнинг гуруҳдаги учинчи иштирокчи – Ҳиндистон билан ўйинлари натижаси учлик ғолибига аниқлик киритди.

Ҳиндлар дастлаб Ўзбекистонга 0:3, сўнг Тожикистонга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишганди. Шу туфайли ижобий тўплар нисбатига эга мезбонлар биринчи ўрин билан Таиланд-2020 йўлланмасига эга чиқишди.

2-ўрин соҳиби Тожикистон ҳам қитъа чемпионатига чиқиш имконини сақлаб қолди. Саралашнинг 11та гуруҳида энг яхши кўрсаткичга эга 4та жамоа ҳам финал босқичида иштирок этади.

Осиё чемпионати 2020 йил 8-26 январь кунлари Таиланднинг Бангкок ва Патум Тани шаҳарларида бўлиб ўтади. Унда дастлабки учта ўринни эгаллаган жамоалар Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Осиё чемпионати U-23 саралаши
«F» гуруҳи. Тошкент. «Пахтакор» стадиони
Ўзбекистон U-23 – Тожикистон U-23 0:0
Бош ҳакам: Хироюки Кимура (Япония).
Ўзбекистон: 1.Умиджон Эргашев, 2.Исломжон Қобилов, 3.Хожиакбар Алижонов, 4.Абдулла Абдуллаев, 7.Остон Ўрунов, 8.Ислом Кенжабоев (23.Ойбек Бозоров), 9.Жасурбек Яхшибоев, 11.Миржаҳон Мираҳмадов (10.Бобир Абдихолиқов, 55), 15.Ойбек Рустамов, 19.Илҳом Алижонов, 20.Ҳусниддин Ғофуров.

Мавзуга оид