Спорт | 19:26 / 30.03.2019
17413
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов Хитой чемпионатида голли серия қайд этмоқда

Хитой Суперлигасида 3-тур учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг клуби «Шанхай СИПГ» «Чайна Форчун» клуби меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиннинг 80-дақиқасида Аҳмедов Шенглонг Лининг товони билан узатган чиройли пасидан сўнг ғалаба голи муаллифи бўлди. Эндиликда амалдаги чемпион дастлабки учта турда қозонилган учта ғалаба эвазига мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмедов биринчи турда «Шанхай Шэнхуа»га қарши кечган баҳсда ҳам (4:0) дарвозани ишғол этганди, ўшанда ҳам унга Шенглонг Ли узатма берганди. Чемпионатнинг 2-турида қатнашмаган 25-рақам эгаси жамоасининг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иккита ўйинида тўлиқ 90 дақиқадан тўп тепди.

Умуман, Одил «Шанхай СИПГ» таркибида Хитой чемпионатидаги охирги учта ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти. У ўтган мавсум сўнгги турида ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйганди.

Мавзуга оид