Спорт | 19:01 / 18.12.2021
18714
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилди

Ёзда миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган Одил Аҳмедов, бугун 18 декабрь куни футболчилик фаолиятини тугатганини расман эълон қилди.

Бу ҳақда футболчининг ўзи унинг фаолиятига бағишланган «Одил Aҳмедов: «Орзунинг шонли йўли» китоби тақдимот маросимида маълум қилди. 

Фото: Tribuna.uz

Ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири, узоқ йиллар давомида миллий жамоамизда бетакрор ўйинлар ўтказган Одил Aҳмедов 2007 йилда Ўзбекистон миллий жамоаси сафида дебют қилган. У миллий жамоа либосида 108 ўйин ўтказиб, 21та гол уришга муваффақ бўлди. 4та жаҳон чемпионати саралашида қатнашди, 3 бор Осиё кубогида иштирок этди. 2020 йил Аҳмедов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди.

Фото: Tribuna.uz

«Одил Aҳмедов нафақат Ўзбекистоннинг, балки ўз вақтида Осиёнинг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланди. Aҳмедов деганда ишонч, фидойилик, жонкуярлик тимсоллари кўз олдимизга келади. ЎФA, ўзбек футболи жамоатчилиги ва мухлислар номидан Одил Aҳмедовга узоқ йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдирамиз. Одил Aҳмедовнинг мамлакатимиз футболини ривожлантириш борасидаги кейинги режаларида улкан муваффақиятлар тилаймиз», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Одил Аҳмедов 2007 йилдан 2021 йилнинг ёзигача бош жамоамиз сафида тўп суриб, Ўзбекистон ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига чиқа олмаганидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган эди. 34 ёшли яримҳимоячи Хитой Суперлигаси жорий мавсумида «Цанчжоу Майти Лайонс» сафида 7 ўйинда майдонга тушганди. У фаолияти давомида «Пахтакор», «Анжи», «Краснодар», «Шанхай СИПГ» клубларида ҳам тўп сурди.

Мавзуга оид