Ўзбекистон | 08:10 / 31.03.2019
17436
3 дақиқада ўқилади

Чет тили ўқитувчиларининг тил билиш даражаси қандай?

Фото: teachenglish.uk

Швециянинг Education first компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инглиз тили ўқитувчиларининг билим даражаси баҳоланади ва малакаси оширилади. Бу ҳақида Ma'rifat нашри хабар бермоқда.

Хабарда келтирилишича, инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро рейтингда ўрганилган 88 давлатнинг ўртасида Ўзбекистон 86-ўринни, Осиё давлатлари ўртасида эса охирги ўринни эгаллаган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, мазкур рейтинг дунё бўйича 1,3 миллион фойдаланувчининг таҳлили асосида тузилган бўлиб, иштирокчиларда ўз билимини текширишга қизиқиш бўлган ва интернетдан бемалол фойдалана олган. Агар тил билиш даражаси кенг аҳоли ўртасида таҳлил қилинадиган бўлса, натижа бундан ҳам пастроқ бўлиши мумкин.

«Барча инглиз тили ўқитувчиларининг билим даражасини текшириш учун IELTS, TOEFL имтиҳонларини ўтказиш бизга қимматга тушади. Шу боис ўқитувчилар билимини бепул баҳолаш борасида Швециянинг Education first компанияси билан келишиб олинди. Мазкур имтиҳон натижалари халқаро CEFR кўрсаткичлари билан мос тушади.

Шунингдек, инглиз тили фани ўқитувчиларининг малакасини ошириб бориш мақсадида аниқ дастур ишлаб чиқилади», — дейди халқ таълими вазири.

Мазкур дастур ёрдамида чет тили бўйича педагог кадрларнинг кучли томонлари ва камчиликлари ўрганилиб, хулосалар асосида ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида махсус ўқув курслари дастури ишлаб чиқилади.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг баёнотига кўра, ҳозирга қадар ўқитувчиларнинг билимини холис баҳолаш имконини берувчи миллий тизим мавжуд бўлмаган, бу борадаги ҳаракатлар илк маротаба амалга оширилмоқда.

«Инглиз тили бўйича умумий дастурни ўзлаштирган ўқитувчи ҳам IELTS/CEFR/TOEFL бўйича сертификатга эга педагог ҳам салоҳияти турлича бўлишига қарамасдан бир хил мақомда кўрилади. Айнан чет тилини билиш малакасини аниқ баҳолаш бўйича тизимнинг йўқлиги қайсидир маънода педагогнинг бир нуқтада қотиб қолишига ҳам сабаб бўлади», — дейди Норин туманидаги 71-мактаб ўқитувчиси Ж.Бобожонова.

IELTS бўйича инструктор Зоҳид Иброҳимовга кўра, хорижий тилларни ўқитишда умумтаълим мактабларида ўта оддий, классик методлардан фойдаланилади. 

«Ваҳоланки, тил ўқитиш бўйича услублар деярли ҳар куни ўзгариб, осонлашиб боряпти. Бу эса ўқитувчининг маҳорати, малакасига боғлиқ», —  дейди.

Вазирлик ахборотига кўра, мазкур лойиҳа натижаларига кўра, бошқа хорижий тиллар ўқитувчиларини ҳам имтиҳондан ўтказиб, малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мавзуга оид