Қосим-Жўмарт Тўқаев: «Евросиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка Россиясиз эришишнинг имкони йўқ»
Қозоғистоннинг янги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзининг дастлабки хорижий ташрифини 3 апрель куни Россия Федерациясига амалга ошириши ҳақида аввал хабар берилган эди. Мазкур ташриф олдидан у «Российская газета» нашрига интервью берди.
Россия билан азалий муносабатлар ҳақида
«Мен инаугурациядан кейин ўтган қисқа вақт ичида таклиф жўнатгани учун Владимир Путиндан миннатдорман. Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик, иттифоқчилик ва стратегик ҳамкорлик ришталари узилмаслигини тасдиқлаш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман.
Бизнинг биринчи президентимиз ва элбошимиз Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ва Россия Яратган томонидан қўшни қилинган давлатлар деган, биз халқларимизнинг туб манфаатлари учун доимо бирга бўламиз.
Н.Назарбоев ва В.Путин ҳамкорлик учун юқори марра белгилаб олишган. Биз конструктив йўналиш, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат принципларига асосланиб еча олмайдиган масаланинг ўзи йўқ.
Бугун Қозоғистон – Россия муносабатлари давлатлараро алоқалар учун намуна бўла олади. Биз КХШТда бўйича иттифоқчимиз, бизда ҳамкорликни янада кучайтириш учун салоҳият катта.
Россия доимо Қозоғистоннинг етакчи савдо ҳамкори бўлиб келган. Икки томонлама товар айланмаси йилдан йилга ўсиб бормоқда ва 2018 йилда 17,6 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистондаги хорижий сармоя иштирокидаги корхонанинг ҳар учинчиси — Россияники, уларнинг сони 9 мингдан зиёд».
Евросиё интеграцияси келажаги ҳақида
«Жаҳон сиёсатидаги умумий негатив фонга қарамасдан, Қозоғистон Евросиё минтақаси ва янада кенгроқ миқёсдаги интеграцион жараёнларни изчил қўллаб-қувватлаган ва шундай йўл тутишда давом этади.
Биз Ғарбнинг Россия билан муносабатлари нормаллашишидан умидвормиз. Бу ЕОИИ аъзолари ва бошқа давлатлар манфаатларига тўғри келади, чунки Катта Евросиёнинг савдо салоҳиятини кучайтириб, жаҳоннинг бутун иқтисодий тизимини соғломлаштиради.
Катта Евросиё ғояси Осиё ва Европа иқтисодий алоқаларининг янада фаоллашишига истиқбол очади.
Бизнинг мегақитъамизда юз бераётган жараёнлар янги геосиёсий воқеликларни шакллантирмоқда. Бутун жаҳон аҳолисининг 45 фоизини бирлаштирган, Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган, жаҳон иқтисодиётининг учдан бир қисми бўлган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти муваффақиятли ривожланмоқда. ШҲТ универсал кун тартибига эга жаҳоннинг нуфузли халқаро ташкилотига айланиб бўлган, уни аллақачон «кўпқутбли дунёнинг пойдевори», деб аташмоқда».
Қўшнилар ҳақида
«Марказий Осиёдаги жараёнлар динамик характерга эга бўлмоқда, қўшниларимиз ҳам муҳим ислоҳотларни амалга оширишмоқда. Россия билан стратегик ҳамкорлик ришталарига эга минтақа давлатларининг жипс ҳамкорлиги Евросиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда бу мақсадларга Россиясиз эришишнинг имкони йўқ.
«Бир минтақа — бир йўл» лойиҳаси ҳақида
Жаҳоннинг денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган энг йирик давлати, бироқ Евросиё материги марказида муҳим геостратегик ўринга эга бўлмиш Қозоғистон учун бу лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга. У бизнинг транзит ҳудуд сифатида стратегик позицияларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу сабабли биз унда фаол иштирок этамиз.
«Бир минтақа — бир йўл» ташаббусининг Евросиё иқтисодий иттифоқи дастурлари билан интеграцияси бутун евроосиё минтақасининг иқтисодий ривожланишига янги туртки бериши мумкин.
Мавзуга оид
15:04 / 10.11.2024
Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди
17:12 / 09.11.2024
Қозоғистонда қаттиқ қўнишни амалга оширган ҳарбий вертолёт ёниб кетди
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
20:38 / 06.11.2024