Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўтказилган видеоселектор давомида тадбиркорлар муаммоларига ҳам тўхталиб, шундай деди:

«Ҳозир биздан тадбиркорлар норози бўлаётган иккита масала бор. Ер бериш масаласи ва қурилишга рухсат бериш масаласи.

Биз тепадагиларни олиб ташлаяпмиз, лекин пастда ўтирганлар одамларни жуда норози қиляпти. Улар ҳали юқорида бўлаётган жараёндан бехабар. Улар ҳали ўн йил олдинги гап билан юрибди: «Менга бермасанг, мен қўл қўймайман», дейди. Мана шундай тизим ҳалиям бор Ўзбекистонда. Бу тизимни қандай бўлмасин синдириш керак. Синдириш эса осон бўлмаяпти. Чунки ҳаммаси шундай ишлашга ўрганган. Агар шу балодан ҳам қутулиб олсак, тадбиркорларга кўп енгиллик бўларди».

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Kun.uz’га Паст Дарғом туманида балиқчилик соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлар айнан президент тилга олиб ўтган масала бўйича мурожаат қилишди ва биз мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ўтказдик.

Уларнинг баъзилари қарийб 10 йилдан бери «Шомбулоқ» қишлоғи яқинида, Зарафшон дарёсининг эски ўзани ўрнида балиқчилик билан шуғулланишган бўлса, айримлари ўтган йили май ойидан бу фаолиятни бошлашган.

Чунончи, 2018 йил май ойида бош вазирнинг (собиқ) ўринбосари Зоир Мирзаев балиқчиликни ривожлантириш бўйича селектор йиғилиши ўтказгач, О. Нормуродов, М.Ҳамрақулов, Д.Беков, С.Рўзиев, Д.Қаршиев ва «Шомбулоқ сазан балиқлари» (раҳбари — А.Якубов) ҳамда «Анҳор суви» фермер хўжаликларига «Ўзбекистон мустақиллиги» ММТП ҳудудидан жами 100 гектар ер, туман ҳокимлиги томонидан танлов асосида ажратиб берилади.