Жамият | 21:57 / 09.04.2019
5877
2 дақиқада ўқилади

Урганчда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади

24-26 апрель кунлари Урганч шаҳрида “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Унда 10 та хорижий давлатдан 26 нафар эксперт иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқаро конференцияга бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева маълум қилди. 

“Маҳаллий мутахассислардан 80дан зиёд мақолалар келиб тушди. Улар конференция дастури ва конференция тўпламидан ўрин олади. Конференция доирасида республикамизда ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги кундаги ҳолати, соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниб, тажрибалар тингланади, истиқболдаги режалар белгилаб олинади ва ҳамкорликда ишлаш механизми ишлаб чиқилади”, деди у. 

Халқаро конференцияда китоб ва китобхонлик, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси UzNEL дастурининг ишлаш жараёни, МДҲ ва хорижий давлатлар йирик кутубхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилади. 

Анжуман фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кутубхона ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш ва ҳал этишни мақсад қилган.

Қайд этилишича, конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилиши ўша ҳудуд ахборот-кутубхона соҳасининг жонланиши ва янада ривожланишига туртки беради. Шунингдек, ёш мутахассислар учун анжуманда иштирок этиш мақсади уларни ўз устида ишлашга ундайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид