Путин ва Эрдўған музокараси: Сурия, АЭС, "Турк оқими", иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорлик
Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Кремлда музокаралар олиб борди. Икки давлат раҳбарлари нималар борасида келишиб олишгани ҳақида Kun.uz шарҳида ўқинг.
"Аккую" АЭСи ва "Турк оқими"
Россия президенти Туркиядаги "Аккую" атом электр станцияси қурилишини икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги муҳим лойиҳалардан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, АЭСнинг биринчи блоки 2023 йилда, Туркия Республикасининг юз йиллик юбилейига ишга туширилиши режалаштирилган.
Путин шунингдек, "Турк оқими" газ ўтказгичини ишга туширишга тайёргарликка ҳам эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, газ ўтказгич шу йил ишга тушиши учун Туркиянинг Қора денгиз соҳилидаги қабул терминали қурилишини якунлаш лозим.
Эрдўған "Турк оқими"нинг қуруқликдан ўтадиган қисми йил охиригача қуриб битказилишини билдирди.
Россия ва Туркия президентлари газ нархини ҳам муҳокама қилишди. Путин Анқара маълум бир нархни айтаётганини, "Газпром" эса газ нархини бозордан келиб чиқиб белгилашини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Россия Туркия бозорини қадрлайди ва шу боис бу борада умумий қарорга келинади.
Иқтисодий ҳамкорлик
Путин Россия ва Туркия ўртасидаги савдони кенгайтириш режалари ҳақида ҳам сўз юритди. Унинг фикрича, ҳозирда мавжуд чекловларни бекор қилиш бунга ёрдам беради.
У турк инвесторларининг Россия бозорига қизиқиши ҳақида гапирар экан, Туркия Татаристон иқтисодиётига икки миллиард долларга яқин инвестиция киритганини айтди.
Путиннинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми қарийб 16 фоизга ўсган ва 25,5 миллиард доллардан ошиб кетган.
Ҳарбий ҳамкорлик
Россия президенти ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
"Биринчи ўринда гап С-400 "Триумф" зенит ракета тизимларини етказиб бериш бўйича шартномани амалга ошириш ҳақида бормоқда", — деди Путин.
У шу билан бирга Туркияга ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш бўйча бошқа лойиҳалар ҳам борлигини таъкидлади.
Виза режими
Россия ва Туркия президентлари икки давлат ўртасидаги виза режимини бутунлай бекор қилиш истиқболини ҳам муҳокама қилишди. Путиннинг сўзларига кўра, бу Сурия муаммоси ҳал бўлганидан сўнг амалга ошиши мумкин.
Ҳозирча икки давлат раҳбарлари хизмат паспортига эга Туркия фуқаролари Россияга визасиз келишларига келишиб олишди.
Сурия масаласи
Туркия президенти Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш зарурлигини айтди.
"Биз Сурияда Россия билан ҳамкорликда ишламоқдамиз, террорчи унсурлар борлиги сабабли ишимиз мураккаб кечмоқда... Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш жуда муҳим. Ҳамкорлигимизни айнан мана шу йўналишда сақлаб қолишимиз лозим", - деди Эрдўған.
Миллий валюталарда ҳисоб-китоб
Туркия президенти Россия билан савдо соҳасида имкон борича тезроқ миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга ўтишни истаётганини билдирди.
"Миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга ўтиш музокараларимизнинг асосий мавзуларидан бири бўлди, аммо ҳозирча кўзланган натижага эриша олмадик. Истагимиз – Россия билан миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга тезроқ ўтиш", - деди Эрдўған Путин билан ўтказган матбуот анжуманида.
Яқин ўтмишга назар
2015 йилнинг 24 ноябрида Сурия ҳудудида Россия Ҳарбий-коинот кучларининг Су-24 русумли бомбардимончи самолёти туркияликлар томонидан уриб туширилганди. Туркия томони бу самолёт ўз ҳаво ҳудудини кесиб ўтганини иддао этди. Россия эса самолёт фақат Сурия ҳудудида бўлганини таъкидлади.
Путин ушбу воқеани "ортдан берилган зарба" деб атаган ва Туркияга қарши кенг кўламли иқтисодий санкциялар киритган эди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашди.
Орадан етти ой ўтгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған самолёт уриб туширилгани учун узр сўраб Россия президенти Владимир Путинга мактуб ёзди. Россия раҳбарига йўлланган мактубда Туркия раҳбари Анқаранинг Россия билан муносабатларни барбод қилишни истамаслиги ҳақида ҳам ёзилганди.
2017 йил 10 март куни Эрдўған Кремлда Путин билан учрашуви якунидаги матбуот анжуманида Россия ва Туркия Су-24 билан боғлиқ муаммоларни ортда қолдиргани ҳақида гапирди.
“Биз ўша воқеа ортидан юзага келган барча иғволи ҳаракатлар ҳамда барча муаммоларни енгиб ўтдик”, деди у.
2017 йил ноябрида Сочида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг эса Россия президенти Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар тўлиқ ҳажмда қайта тикланганини маълум қилди.
Мавзуга оид
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024
Путин Курск областини Трамп инаугурациясигача қайтармоқчи
09:15 / 12.11.2024